Ўзбек тилида хизмат кўрсатмаган виза марказига чора кўрилди. У овозли меню ва операторлар билан мулоқотда давлат тилини қўлламаган, ҳужжатлар эса фақат рус ва инглиз тилларида тақдим этилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятидан фуқаро Х.Э. «VFS Global» ваколатхонаси хизматларида (овозли меню, операторлар, ҳужжатлар) давлат тили қўлланилмаётгани ҳамда иш юритиш ҳужжатларининг фақат рус ва инглиз тилларида бўлаётганидан норозилигини билдирган.
«Давлат тили ҳақида»ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, ушбу ҳолат бўйича Қўмита томонидан компанияга тегишли чоралар кўриш ва 10 кун ичида жавоб тақдим этиш юзасидан расмий мурожаат юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлиб, «Давлат тили ҳақида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан унинг қўлланилиши қатъий тартибга солинган.
«Қўмита томонидан ушбу ҳолат бўйича белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўрилмоқда ҳамда давлат тилида истеъмолчиларга тўлиқ ва тушунарли ахборот тақдим этилишини таъминлаш масаласи назоратга олинган», — дейилади хабарда.