ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга расмий ташриф буюради. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси — ЎФА матбуот хизмати хабар берди. Ташриф доирасида Инфантино Ўзбекистон футболини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб боради.
Шунингдек, у мамлакат футбол инфратузилмасининг асосий таркибий қисми бўлган Миллий терма жамоалар футбол маркази фаолияти билан яқиндан танишади. Ушбу марказда болалар, ўсмирлар, аёллар ва миллий жамоалар учун замонавий машғулот ва тиббий-илмий шарт-шароитлар яратилган. Ушбу марказ жумладан ФИФА томонидан ажратилган маблағлар эвазига бунёд этилган.
Бундан ташқари, ФИФА президенти 8 сентябр, сешанба куни Тошкентдаги «Олимпия» стадионида бўлиб ўтадиган CAFA Nations Cup 2025 мусобақасининг финал учрашувини жонли томоша қилади. Финалда Ўзбекистон миллий жамоаси Эронга қарши майдонга тушади. Беллашув маҳаллий вақт билан соат 19:30 да бошланади.
Мазкур ташриф ФИФА билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.