Президент 5 сентябр куни адлия тизимида давлат хизматларини кенгайтириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда сўнгги саккиз йилда адлия соҳасини замонавий ташкил этиш мақсадида 70 га яқин қонун ва қарор қабул қилингани маълум қилинди. Ҳудудларда 202 та давлат хизматлари маркази қурилиб, 500 дан ортиқ хизмат «бир дарча» асосида кўрсатила бошлангани қайд этилди. Бироқ 200 дан зиёд хизмат ҳали ҳам эски тартибда амалга оширилмоқда.
Режага кўра, келгуси уч йилда давлат хизматлари сони 900 тага етказилади. Йил давомида 80 та хизмат «уч қадам» тамойили асосида соддалаштирилади, аҳоли гавжум жойлар ва олис ҳудудларда 1 минг 100 та интерактив киоск ўрнатилади.
Энг муҳими, фуқаролардан талаб қилинаётган 30 турдаги ҳужжат бекор қилинади. Масалан, ФҲДЁ органларида никоҳланувчиларнинг тиббий кўрик маълумотлари ёки ҳарбий хизматга чақирилаётганларнинг турар жойи ўзгариши ҳақидаги ҳужжатлар сўралмайди, бу маълумотлар электрон тизимлар орқали олинади.
Шунингдек, нотариал хизматларда шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асли талаб қилинмасдан, шахсни Face-ID орқали аниқлаш амалиёти жорий этилади. 2025–2027 йилларда 20 турдаги нотариал ҳаракат онлайн тартибда расмийлаштирилади.
Тақдимотда суд-экспертиза соҳасини ҳам такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Республика суд экспертиза марказида хизматлар тури 64 тага етган бўлса-да, ҳудудларда имкониятлар чекланган.
Шу боис, техник базани кучайтириш ва хизмат турларини 25 тагача ошириш режалаштирилган. Янги йўналиш сифатида автоҳалокатларни 3D моделлаштириш, видео ва фотоэкспертизалар жорий этилади.
Президент фуқаролар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида «Ақлли тарғибот» ва «Adliya TV» каби лойиҳаларни ишга тушириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, вазирлик ва идораларга идоравий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати берилиб, уларни рўйхатдан ўтказиш муддати икки баробарга қисқариши белгиланди.