Марко Поло сафарномаси ўзбек тилига таржима қилинмоқда

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Марко Поло сафарномасини ўзбекчага таржима қилиш якунланмоқда. Тошкентда ушбу китобга бағишланган тақдимот маросими ўтказилиши режалаштирилган.

Marko polo

6 сентябр куни Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев Италия университетлари ректорлари конференцияси (CRUI) бошқарув кенгаши аъзоси, Венециядаги Ка’ Фоскари университети ректори Тициана Липпиелла билан онлайн учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида янги Ўзбекистон–Италия таълим форумига тайёргарлик ишлари бошлангани маълум қилинди. Форум жойи яқин кунларда аниқланади. Мазкур форум 2026 йил бошида ўтказилиши ва унда Ўзбекистон ҳамда Италиянинг етакчи олийгоҳлари иштирок этиши кутилмоқда.

Учрашувда яна бир муҳим масала — Марко Полонинг машҳур «Саёҳатлар китобини» ўзбек тилига таржима қилиш ишлари якунланмоқда. Бу лойиҳа Ка’ Фоскари университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Италиялик ҳамкорлар фикрига кўра, «Ўзбекистон Ипак йўли марказида жойлашгани боис, ушбу асарнинг ўзбек тилидаги нашри жуда катта маънавий ва тарихий аҳамиятга эга». Шу муносабат билан Тошкентда махсус тақдимот маросими ташкил этилади.