Ўзбекистон болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ташаббусга қўшилиб, 46-давлат сифатида глобал алянс аъзоси бўлди.
UNICEFʼнинг маълумот беришича, бу қарор мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ютуқлар ва қонунчилик ислоҳотларига таянади. Жорий йил май ойида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида қонун қабул қилинган бўлиб, ҳозирда уни амалий таъминлаш учун тaрмoқлараро стратегия ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева таъкидлашича, алянсга қўшилиш Ўзбекистон учун бошқа давлатлар тажрибасидан ўрганиш, самарали усуллар билан ўзаро алмашиш ва жаҳон амалиётидан фойдаланиш имкониятини яратади. Бу қадам мамлакатнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида халқаро ҳамкорликка интилаётганини кўрсатади.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 4952 киши маъмурий жавобгарликка тортилган. Улардан 3200 нафарига жарима, 1752 нафарга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Шунингдек, маиший зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича 231 шахс судланган, улардан 65 нафарга озодликдан маҳрум қилиш, қолган 166 нафарга эса енгилроқ жазо тайинланган.
Ўзбекистоннинг глобал алянсга қўшилиши мамлакатда болалар хавфсизлиги ва ҳуқуқларини мустаҳкамлашда янги босқич сифатида баҳоланмоқда.