Ўзбекистонда нотариус хизматида паспортнинг аслини талаб қилиш бекор қилинади

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Нотариус хизматлари энди Face-ID орқали амалга оширилади, аҳолидан паспорт аслини талаб қилиш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади.

Passport

5 сентябр куни Шавкат Мирзиёев адлия тизимида давлат хизматларини кенгайтиришга оид тақдимот билан танишди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кейинги 3 йилда хизматлар сони 900 тагача етказилади, ҳар йили 80 га яқин хизмат «уч қадам» тамойили асосида соддалаштирилади.

Янги тизимга кўра, нотариуслар кўрсатаётган 80 дан ортиқ хизматнинг 20 таси 2025–2027 йилларда онлайн шаклга ўтказилади. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш талаблари бекор қилиниб, Face-ID орқали идентификация жорий этилади.

Ҳукуматнинг режасига кўра, 30 та ҳужжатни фуқаролар томонидан тақдим этиш амалиёти тўхтатилади. Масалан, ФҲДЁ органлари никоҳга киришувчилардан тиббий маълумот талаб қилмайди, ҳарбий бўлимлар эса рўйхатдан чиқиш ҳақида маълумотни онлайн тартибда олади.

Aдлия вазирлиги қошидаги экспертиза марказлари фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилади. 2027 йилгача ҳудудий марказларда экспертиза турлари 15 тадан 25 тагача оширилади. Техник базани мустаҳкамлаш ва рақамлаштириш орқали ҳужжатлар айирбошини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган.

Президент шунингдек, хусусий суд экспертизаси фаолиятини кенгайтириш, мустақил бюролар шаклида ташкил қилиш ва Ўзбекистон Суд экспертизаси палатасини яратиш таклифларини ҳам қўллаб-қувватлади.