Ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа 3 сентябр куни Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Фай маҳалласига қарашли Назаробод қишлоғида содир бўлган. «Oqtosh-Shaxzod trans» МЧЖга тегишли автобус ҳайдовчиси йўлкира ҳақини тўламаган ўқувчиларни транспортга миндирмаган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Давлат рақами 30 E 881HB бўлган автобус, «Сахоба-Оқтош» йўналишида қатнаган. Шу воқеадан сўнг ҳайдовчи Мусурмон Бобожонов жамиятнинг 4 сентябрдаги буйруғи билан ишдан бўшатилган.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, Назаробод қишлоғидан 19 нафар ўқувчи Пахтачи туманидаги 28-мактабга, яна 3 нафар ўқувчи эса 34-мактабга қатнаб ўқийди.
«Пахтачи тумани ҳокимлиги ва«Оқтош-Шахзод транс» МЧЖ ўртасида мактаб ўқувчиларини мактабга ташиш хизматини йўлга қўйиш бўйича шартнома имзоланиб, куннинг иккинчи ярмидан бошлаб ўқувчилар учун бепул автобус ҳаракати йўлга қўйилганлигини маълум қиламиз» — дейилади хабарда.
Вилоят ҳокимлиги бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун чоралар кўрилаётганини ва муаммони кўтарган ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорлик изҳор этди.