Россияда камбағаллик даражаси 7,4 фоизгача пасайди

20:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Россияда аҳолининг камбағалликда яшаётган қисми II чоракда 10,8 млн кишигача камайди, ўртача ойлик маош 100 минг рублга етди.

Rossiya

Россияда 2025 йилнинг иккинчи чораги якунларига кўра, аҳолининг 7,4 фоизи ёки 10,8 млн киши камбағаллик чегарасида яшаган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоиз пунктга камайган. Бу ҳақда Росстат 5 сентябр куни маълум қилди, деб ёзмоқда «Ведомости» нашри. Камбағаллик чегараси шу даврда 16 863 рубл этиб белгиланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида камбағаллар сони 11,6 млн кишини ташкил этган, ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 13,3 млн бўлган. 2024 йил якунида 10,5 млн киши камбағал деб ҳисобланган — бу тарихий энг паст кўрсаткич бўлган эди.

Росстат маълумотларига кўра, бундай динамикага аҳоли даромадлари ўсиши сабабчи бўлди. Иш ҳақи, тадбиркорлик ва мулкдан даромадлар, ижтимоий нафақалар ва пенсиялар индексацияси муҳим рол ўйнади. 1 февралдан 40 дан зиёд тўлов ва нафақалар 9,5 фоизга, 1 апрелдан ижтимоий пенсиялар 14,75 фоизга оширилди.

Иккинчи чоракда аҳоли жами пул даромадлари 29,9 трлн рублни ташкил этди — ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўп. Ҳақиқий даромадлар 5,6 фоизга, истеъмол инфляциясини ҳисобга олган ҳолдаги реал ихтиёрий даромадлар эса 7 фоизга ошган.

Ўртача ойлик номинал маош 100 023 рублга етган, бу 14,9 фоизга ўсганини англатади. Пенсиялар ўртача 23 452 рубл бўлиб, 11,9 фоизга ошди. Кам таъминланган аҳоли гуруҳларининг даромадлари ҳам 14 фоизга кўпайган.

Камбағаллик кўрсаткичи мавсумий омилларга боғлиқ равишда йилнинг биринчи ярмида юқори, иккинчи ярмида эса паст бўлади. Масалан, 2024 йилнинг биринчи чорагида камбағаллар сони 14 млн киши бўлган бўлса, йил охирида 7,7 млн кишига тушган.

Бюджет ташкилотлари ходимлари учун ойликлар 2025 йил 1 январдан 13,2 фоизга оширилди. Яна 3,6 фоизлик қўшимча индексация режалаштирилган. 1 октябрдан бошлаб айрим давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари маоши яна 7,6 фоизга кўтарилади.