Савдо платформалари тадбиркорга ортиқча тўсиқ қўймаслиги керак — тадбиркор

19:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорлар савдо платформаларида учраётган ортиқча талаб ва бюрократия туфайли бозорга кириш қийинлашаётганини айтди.

Tadbirkor

Савдо-саноат палатаси томонидан давлат харидларида иштирок этувчи тадбиркорлар билан 6-сентябр куни очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар ўз муаммо ва мурожаатларини айтишди.

Маҳаллий гигиеник маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи «Ортофарм» компанияси бозорга чиқиш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида фикр билдирди. Корхона ҳозирда 37 турдаги пластир ва шунга ўхшаш бир марталик маҳсулотларни сотувга қўйган, шундан 20 га яқини тўлиқ маҳаллий циклда ишлаб чиқарилади.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳар бир маҳсулот албатта сертификатланиши ва рўйхатдан ўтказилиши шарт. «Маҳсулотларимизни УзТест орқали гигиеник сифатида тасдиқлатганмиз. Импорт маҳсулотда «импортёр», маҳаллий маҳсулотда эса «ишлаб чиқарувчи» ёзилади. Шу сертификат билан бозорга киришимиз мумкин эди», — деди Ортофарм вакили.

Бироқ cooperation.uz савдо платформасига кириш жараёнида компаниядан қўшимча тарзда «маҳаллий ишлаб чиқарувчи» сертификати ҳам сўралган. Бунинг учун корхона Ўзбекэкспертиза орқали экспертиза ўтказишга мажбур бўлган. Текширув натижасида 37 тур маҳсулотдан 16 тасини платформага жойлаш имкони бўлган.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, бу талаблар ортиқча бюрократияга айланмоқда: «Мақсад битта бўлиши керак — ишлаб чиқарувчимисиз, йўқми? Агар ишлаб чиқарувчи бўлсак, савдода қатнашишга ҳаққимиз бор. Қолган масалани харидорнинг ўзи ҳал қилсин».

Шу билан бирга, тадбиркор бозордаги савдо майдонлари сонининг кўплиги ҳақида ҳам тўхталди. Унинг айтишича, расмий рўйхатда 30 дан зиёд платформа мавжуд, аммо амалда фақат тўрттаси ишлайди. Буни соддалаштириб, аниқ ишлайдиган платформадан тўлиқ фойдаланиш маъқуллигини айтди.

Биржа вакиллари эса ҳар бир платформа жаҳон амалиётидан келиб чиққан ҳолда жорий этилганини, уларнинг ҳар бирига хос афзалликлари борлигини таъкидлашди.

«Биржага келсангиз, сизга тушунтириб берамиз: ҳар биттасида қандай иштирок этасиз, қандай савдолар бўлиб ўтади, натижаси қандай бўлади, шартнома тузилади. Ундан ташқари, хусусий ўқув сектори, курслари бор ёки Молия вазирлигининг қошида алоҳида ўқув марказлари бор. Бунда ўқиб, малакагизни оширсангиз, фойдадан холи бўлмайди», — деди Товар-хомашё биржаси раҳбари Мансур Тўйчиев .

Савдо-саноат палатаси вакили эса бу ишни енди бошлаган тадбиркорлар учун мураккаблиги ҳақиқат эканини, шу сабаб уни соддалаштириш зарурлигини қайд этди. Масала беҳуда кўтарилмаётгани, кўпчиликда бу борада тушунмовчиликлар мавжудлиги сабаб услубий қўлланма тайёрлаш таклифи билдирилди.