Термиз тумани ҳудудида Сурхондарё дарёси бўйида жойлашган ерларда янги «Оби ҳаёт парк» тураржой ва туризм мажмуаси барпо этилади. Лойиҳа умумий қиймати 50 млн доллар бўлиб, 20 гектар майдонни қамраб олади, деб хабар бермоқда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.
Мажмуа доирасида 42 та тураржой ва нотураржой иншоотлари, жумладан, кўп қаватли уйлар, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, 250 ўринли иккита меҳмонхона, ресторанлар, кафе, фитнес-клублар ва дам олиш масканлари қурилади. Шунингдек, туристлар учун соҳил бўйлаб шабада кўчалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Ҳокимлик таъкидлашича, қурилиш жараёнида дарёнинг табиий оқими сақлаб қолинади, соҳиллар мустаҳкамланади ва кўприклар барпо этилади. Ушбу тадбирлар хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини ошириш кўзда тутилган.
Мажмуа пойдеворига капсула қўйиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам иштирок этди. Лойиҳа шаҳарсозлик инфратузилмасини яхшилаш, туризм салоҳиятини ошириш ва хусусий бизнес учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда яна бир лойиҳа — Қумқўрғон туманида 140 млрд сўмлик экотуризм мажмуаси қурилиши ҳақида хабар берган эдик. У Жанубий Сурхон сув омбори бўйида барпо этилади.