Трамп америкаликларни ноқонуний ушлаб турган давлатларни жазолайди

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ маъмурияти америкаликларни ғайриқонуний равишда ҳибсда сақлаётган давлатлар рўйхатини эълон қилиши кутилмоқда.

Trump cbc

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти америкаликларни ноқонуний равишда ушлаб турган мамлакатлар рўйхатини эълон қилиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда CBS телеканали ўз манбаларига асосланиб.

Фармон терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхати асосида ишлаб чиқилади. Давлат департаменти рўйхатга киритилган мамлакатларга нисбатан санкциялар жорий этиши мумкин бўлади.

Ушбу чора-тадбирларнинг мақсади мазкур мамлакатлар ҳукуматларини америкаликларни дарҳол озод қилишга мажбур этиш, шунингдек, АҚШ фуқароларини бундай давлатларга ташриф буюрмасликка ундашдир. CBS ахборот агентлиги хабар беришича, ҳужжат 5 сентябр, жума куни эълон қилиниши режалаштирилмоқда.

АҚШ маъмурлари чет элларда ушлаб турилган америкаликлар сонини ошкор қилмаяпти. Foley Foundation ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда 17 та давлатда камида 54 нафар АҚШ фуқароси гаровга олинган ёки ғайриқонуний равишда ҳибсга олинган.

Давлат департаменти аллақачон чет элга саёҳат қилишни режалаштирган АҚШ фуқаролари учун тавсиялар бериб бошлади. Идора давлатларни тўрт тоифага ажратди, энг юқори хавф даражаси «Саёҳат қилманг» деб номланган. Бу тоифага 21 та давлат, жумладан Россия, Украина, КХДР, Эрон, Афғонистон, Венесуэла, Ливия ва Сомали киради.

Терроризм ҳомийларининг рўйхатига тўртта мамлакат киритилган: Куба, КХДР, Эрон ва Сурия. Уларга қарши чоралар чет эл ёрдамини чеклаш, ҳарбий мақсадларга мўлжалланган маҳсулотларни экспорт қилиш ва сотишни тақиқлаш, икки томонлама мақсадда ишлатиладиган товарлар экспортини чеклаш, шунингдек, молиявий ва бошқа турдаги чекловларни ўз ичига олади.