3 сентябр куни Владивостокда бошланган Шарқий иқтисодий форуми Россия ва Осиё–Тинч океани минтақаси давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган, «нуфузли майдон» сифатида эълон қилинган эди. Аммо форумга Россиянинг асосий савдо ҳамкори — Хитойдан ҳеч қандай юқори даражали ҳукумат ёки иқтисодий идоралар вакиллари келмади.
Хитой ҳукумати, Молия ва Савдо вазирликлари, Марказий банки ва Ташқи ишлар вазирлиги форумида иштирок этмади. Форумдаги энг юқори мартабали хитойлик меҳмон — Бутунхитой халқ вакиллари йиғини доимий қўмитаси раисининг ўринбосари Ли Ҳунжунг бўлди. У форумда Владимир Путин билан биргаликда панел муҳокамада иштирок этди. Лекин унинг делегациясида ҳам «ўринбосар» даражасидан юқори бирор шахс бўлмаган.
Хитойдан ташриф буюрганлар орасида асосан парламент вакиллари — бош котиб ўринбосарлари, молия ва ташқи алоқалар қўмиталари мутасаддилари, таҳлил бошқармалари мутахассислари бўлди. Ваҳоланки, аввалги форумларда Си Жинпинг, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистон етакчилари ҳам шахсан иштирок этган. Бу гал эса фақат Мўғулистон ва Лаос бош вазир даражасида делегация юборди, Ҳиндистондан эса фақат Москвадаги элчихона ўринбосари муовини қатнашди.
Форумнинг расмий сайтида кўрсатилишича, Хитойнинг йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этмаган. Уларнинг ўрнида Россия–Хитой муносабатлари бўйича муҳокамаларни Фуюан шаҳри ҳокими ва Ҳэйлунжиан вилояти вице-губернатори олиб борган.
Петерсон халқаро иқтисодий институти иқтисодчиси Элина Рибакованинг таъкидлашича, Хитой учун Россиянинг аҳамияти чекланган. Москва Пекиннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлса-да, Россия Хитой экспортида жуда кичик улушга эга. Унинг фикрича, Россия Хитойга иқтисодий жиҳатдан боғланиб, «вассал»га айланган. Аммо Путин кўп қутбли дунё ғояси йўлида бу иқтисодий изтиробни қабул қилмоқда.