31 август куни мамлакатда 6 магнитудали зилзила содир бўлиб, 2200 дан зиёд инсон ҳалок, 3600 дан ортиқ киши яраланди. «India Today» хабарига кўра, «Толибон»нинг аёллар билан боғлиқ қоидалари қутқарув ишларига жиддий тўсиқ бўлди.
Мазкур қоидага кўра, эркаклар ўзларига қариндош бўлмаган аёлларга қўл теккизиши мумкин эмас. Шунинг учун кўпгина жабрланган аёллар қариндошлари келгунга қадар вайроналар остида ёрдамсиз қолди. Эркак қариндошлари бўлмаганларга эса қутқарувчилар жуда оғир шароитда ва кам ҳолларда ёрдам кўрсатишга мажбур бўлган.
«Зилзилалар кўчкиларни келтириб чиқарди ва йўлларни вайрон қилди. Бу жабрланганларга ёрдам ва ҳаётий муҳим материалларни етказиб беришда, шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож бўлганларга етиб боришда сезиларли кечикишларга сабаб бўлмоқда», деди Афғонистондаги Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари федерацияси (ИФРC) делегацияси раҳбари Жой Сингхал.
Унинг сўзларига кўра, айрим вилоятларда аҳоли зилзиладан аввал ҳам шифохоналарга бориш учун соатлаб йўл юришга мажбур бўлган.
Сингхал қутқарув амалиётлари ҳаддан ташқари мураккаб бўлганини, кўп ҳолларда махсус техникадан фойдаланиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Бу эса аёлларни эвакуация қилиш жараёнини янада қийинлаштирди. Қутқарув ишларида асосий эътибор эркакларга қаратилгани орқали кўпгина аёллар вайроналар остида қолиб кетгани қайд этилди.