Ангрендаги ЙТҲ 7 кишининг умрига зомин бўлди

20:47 | 4 дақиқада ўқилади.

Цемент ташувчи юк автомобили ҳайдовчи назоратни йўқотиши оқибатида йўлда тўхтаб турган икки юк автомобили ва бешта енгил транспорт воситаси билан тўқнашган.

Angren ytx

Бугун, 7 сентябр куни соат 12:20 да Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 «Тошкент—Ўш» халқаро автомобил йўлининг 93-километрида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, 1981 йилда туғилган фуқаро А.Р. бошқарувидаги 2020 йилда ишлаб чиқарилган «Shacman» русумли цемент ташувчи юк автомобили ҳайдовчи назоратни йўқотиши оқибатида йўлда тўхтаб турган икки юк автомобили ва бешта енгил транспорт воситалари билан тўқнашган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қурбонлардан бири ёнаётган юк машинасидан тушишга уринаётганини кўриш мумкин. Кейинроқ машина ёниб кетган.

Тўқнашув вақтида ёнғин келиб чиққан, воқеа жойига етиб келган махсус куч ва воситалар ёрдамида ёнғин ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида 7 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 5 нафари турли тан жароҳатлари олган. Жароҳатланган фуқаролар тиббиёт муассасаларига ётқизилган, шунингдек 4 нафар фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган.

«Ҳозирда вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли давлат органларининг мутахассисларидан иборат Бош вазир ўринбосари А.Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бахтсиз ҳодиса автомагистрал қисмидаги ҳаракатнинг тўлиқ тўхтаб қолишига олиб келди. «Тошкент — Оҳангарон — Ангрен — Қўқон — Шаҳрихон — Андижон» автомобиль йўлининг 93−94-километрларида ҳар икки йўналишда — «Тошкент — Фағона водийси» ва тескари томонда катта тирбандлик юзага келди.