2023 йилда Туркиянинг BOTAŞ компанияси ва Болгариянинг давлатга қарашли Bulgargaz газ компанияси ўртасида тузилган 13 йиллик табиий газ етказиш бўйича шартнома қўшни мамлакатда жиддий инқирозга айланди, деб ёзмоқда Туркиянинг Sondakika нашри.
Шартнома бўйича Болгария ҳар йили Туркиядан 1,5 млрд куб метр газ сотиб олиши керак эди. Бироқ шартнома амалга кирганига бир ярим йил бўлган бўлса-да, Bulgargaz 4 млрд лирадан зиёд қарз туфайли тўловларни тўхтатди. Шунинг ортидан BOTAŞ газ етказиб беришни тўлиқ тўхтатди. Болгарияда энергетика хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликка жиддий таҳдид вужудга келди.
Болгария энергетика вазири Жеко Станков матбуот анжуманида қаттиқ баёнот билан чиқди. «Бу шартнома давлат компаниямизни ва мамлакатимизни салбий ҳолатга туширди. Bulgargaz келаси 200 йилда оладиган фойдани Туркияга топширган бўлиб чиқмоқда», — деди у.
Станковнинг таъкидлашича, шартномада бекор қилиш тўғрисидаги модда мавжуд эмас ва унинг шартлари мамлакат иқтисодиётига оғир юк бўлиб тушмоқда. Болгария ҳукумати энди Туркия билан янги музокаралар олиб боришга тайёрланаётганини маълум қилди.
Агар шартнома бекор қилинса ҳам, Bulgargaz олдиндан келишилган миқдордаги газ учун тўлиқ ҳақ тўлаш мажбуриятида қолади. Бу эса компания учун янада катта молиявий юкни англатади.