Бугун ўзбекистонликлар тўлиқ Ой тутилишини кузатиш мумкин

19:46 | 7 дақиқада ўқилади.

7 сентябр куни Ўзбекистон аҳолиси оддий кўз билан тўлиқ Ой тутилишини хавфсиз тарзда кузатиш имкониятига эга бўлади. Жараён Тошкент вақти билан соат 21:27 да бошланади ва максимум фазасига соат 23:11 да етади.

Oy

Ўзбекистоннинг барча аҳолиси 7 сентябр куни тўлиқ Ой тутилишининг гувоҳи бўлади.  Уни кўриш учун махсус жиҳозлар талаб қилинмайди ва оддий кўз билан кузатиш мумкин. Бу ҳақда Фанлар академиясининг Астрономия институти хабар берди.
Oy 7 sentabr

«Шу йилнинг 7 сентябр куни Ер юзи аҳолиси қизиқарли астрономик ҳодисалардан бири – тўлиқ Ой тутилишини кузатишлари мумкин. Ушбу тутилиш тўлиқ Ой тутилиши ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Ой юзаси 100 фоиз Ер соясида бўлади. Ой тутилишининг тўлиқ фазаси 1 соат 22 дақиқа давом этиб, тутилишнинг умумий давомийлиги эса 3 соатдан ортиқроқ вақт давом этади», — дейилади хабарда.

Тўлиқ Ой тутилиши ҳақида қисқача маълумот
Oy 3

Тўлиқ Ой тутилиши деб, Қуёш-Ер-Ой бир чизиққа жойлашиб, Ой юзасининг тўлиқ Ер соясига киришига айтилади.

Ой тутилишини кўриш учун нима қилиш керак?
Tuliq oy tutilishi

Ой тутилишини кузатиш учун махсус жиҳозлар талаб қилинмайди ва оддий (қуролланмаган) кўз билан кузатиш мумкин, дейди ФА Астрономия институти ходими Рахим Матеков.

«Жараённи кузатиш Қуёш тутилишидан фарқли ўлароқ, Ойнинг тўлиқ тутилишини кузатиш учун ҳеч қандай махсус жиҳозларни талаб қилмайди. Ой тутилиши қуролланмаган кўз билан кўриш хавфсиз», — дея тушунтирди мутахассис.

 

Ой тутилишининг вақтлари
Тўлиқ Ой тутилиши модели.

Ҳодисанинг тўлиқ фазасида Ой юзаси 100 фоиз Ер соясида бўлади. Жараён 1 соат 22 дақиқа, тутилиш эса 3 соатдан ортиқроқ вақт давом этади.

Ўзбекистонда қисман Ой тутилиши барча ҳудудларда 7 сентябр куни Тошкент вақти билан соат 21:27 да, тўлиқ Ой тутилиши эса соат 22:30 да бошланади. Тўлиқ фазали Ой тутилиши максимум фазасига соат 23:11 да етади, соат 23:52 да эса тугайди. 8 сентябр соат 00:56 да астрономик ҳодиса якунига етади.

Ой тутилиши умумий 5 соат 26 дақиқа давом этади. У бошланганда Тошкент шаҳрида Ойнинг уфқдан (горизонтдан) баландлиги 27 градусни ташкил этади, тутилишнинг максимал фазасида 39 градусни, тутилиш тамомланиш арафасида 41 градусни ташкил этади.

Тутилиш давомида Ойнинг уфқдан баландлиги Ўзбекистаннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразим вилоятида тутилиш бошланганда 21 градус, тутилишнинг максимал фазасида 30 градус ва тутилиш тугаши арафасида эса 38 градусни ташкил этади.

 

Тутилишни кузатиш мумкин бўлган ҳудудлар

 

Ушбу астрономик ҳодисанинг тўлиқ фазасини Европа, Осиё, Африка, Австралия қитъаларининг маълум бир қисмида кузатиш мумкин. Жумладан Евроосиё материгида Ўзбекистон, Қозоқистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Арманистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирлиги, Омон, Яман, Сомали, Мадагаскар, Покистон, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Хитой, Мўғилистон, Жанубий Корея, Шимолий Корея, Бангладеш, Мянма, Таиланд, Ветнам, Лаос, Малайзия давлатлар ҳудудида яшовчи барча аҳоли тўлиқ Ой тутилишини кузатиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, Россиянинг марказий ҳудудлари, Озарбайжон, Туркия, Ироқ, Саудия Арабистони, Африка қитъасининг шарқидаги бир неча давлатлар ва Япония, Автралиянинг ғарбий вилоятлари, Индонезиянинг ғарбий оролларидаги аҳолида ҳам тўлиқ ой тутилишини кузатиш имкони мавжуд. Бутун Европа давлатлари, Африка қитъасининг шарқидаги давлатлар, Россиянинг ғарбий ва шарқий вилоятлари, Япониянинг шимоли-шарқий вилоятлари, Филиппин ороллари, Гавайи ороллари, Фиджи ороллари, Австралиянинг шарқий вилоятлари ва янги Зенландия давлати аҳолиси эса географик жойлашувига мос равишда турли даражадаги қисман Ой тутилишини кузатишлари мумкин.