Ҳаво ифлосланиши ҳар йили 4,5 миллион инсон ўлимларга сабаб бўлмоқда — ЖМТ

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, ифлосланган ҳаво ҳар йили 4,5 миллиондан ортиқ бевақт ўлимга сабаб бўлмоқда.

Havo ifloslanishi

Ташкилот ҳисоботида миллиардлаб одамлар ифлосланган ҳаводан нафас олаётгани ва бу ҳолат йилига 4,5 миллиондан ортиқ бевақт ўлимга олиб келаётгани қайд этилган. Мутахассислар айни вақтда ўрмон ёнғинлари оқибатида тарқалаётган майда заррачалар бутун қитъаларга тарқалиши мумкинлигини таъкидлади.

«Ҳаво чегараларни тан олмайди. Пиреней яриморолида ёнғинлар бўйича рекорд мавсумда тутун ва ифлослантирувчи моддалар аллақачон Ғарбий Европа устида қайд этилган ва бутун Европа қитъасига тарқалиши мумкин», деди ЖМТ илмий ходими Лоренсо Лабрадор.

ЖМТ олимлари маълум қилишича, 2024 йилда PM 2.5 майда заррачалар Чили, Бразилия, Эквадор, Канада, Марказий Африка ва Сибирда кенг тарқалган. Улар иқлим ўзгариши сабаб ёнғинлар мавсуми тобора кучайиб, узоқроқ давом этаётганини қайд этди.

Шу билан бирга, айрим минтақаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, шарқий Хитой ва Европада атмосферага зарарли ташламалар йилдан-йилга камаймоқда. Шанхайда янги боғлар яратиш, дарахтлар экиш ва электромобиллар улушининг ошиши ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам берган.

Шунга қарамай, дунёда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига тўлиқ жавоб берадиган шаҳарлар сони жуда камлигича қолмоқда.

«Олтингугурт диоксиди (SO2) ва азот оксидлари (НОх) каби асосий ифлослантирувчи моддаларнинг чиқиндилари назорат чоралари туфайли камаяётган бўлса-да, ер юзасидаги озон даражаси — смогнинг асосий таркибий қисми — камаймаяпти», деди ЖМТ глобал атмосфера бўлими раҳбари Паоло Лай.