Мигрантларга тўсиқдан кўпроқ ютқазадиган томон айнан Россия — иқтисодчи

13:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Россия жамоатчилиги, ОАВ ва айрим сиёсатчилар орасида мигрантларга, хусусан ўзбекистонликларга нисбатан нотўғри тасаввур кенг тарқалган, деб ёзади Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Migrant uz

Россияда юз берган ҳолатга ТИВнинг тезкор реакцияси яхши бўлди. Бироқ умумий фон шуни кўрсатадики, Россия жамоатчилиги, ОАВ ва айрим сиёсатчилар орасида мигрантларга, хусусан ўзбекистонликларга нисбатан нотўғри тасаввур кенг тарқалган. Гўёки кўпчилик ватандошларимиз Россияда ишлаб, юртига пул юборгани сабабли «биз Россияга қараммиз», ҳатто «улар бизни боқаяпти» деган иддао пайдо бўлади. Россия телевиденияси ва ижтимоий тармоқларида ҳам шунга ўхшаш баёнотлар эшитилиб туради.

Аслида, масала бошқача.

Ўзбекистонликлар Россиядан миллиардлаб доллар жўнатишади — тўғри. Лекин бу — россияликларнинг садақаси ёки хайрияси эмас; бу ватандошларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига олинган ҳалол иш ҳақи. Иш ҳақи одатда ходим яратган қийматдан паст бўлади; акс ҳолда, у ишга олинмаган бўларди.

Демак, агар ўзбекистонликлар Россияда 1 миллиард доллар иш ҳақи олган бўлса, улар бундан ҳам катта иқтисодий қиймат яратишган. Қолаверса, барча пул уйга юборилмайди: Россиянинг ўзида истеъмол: товарлар ва хизматлар кўринишида сарфланади, буни устига, жамғарма ва инвестициялар ҳисобига Россия иқтисодиётида қолади.

Буларнинг барчаси иқтисодиётда ижобий мултипликатив таъсир беради. Шу боис ватандошларимизнинг Россия иқтисодиётига ва аҳоли фаровонлигига қўшган ҳиссаси жуда юқори. Менимча, кўпчилик тасаввуридан анча катта мултипликатив таъсирга эга.

Буни Россияда тушунадиган мутахассислар мавжуд. Иқтисодиёт билан, ёки макроиқтисодиётга заррача алоқаси бор одам бундан хабардор.

Демографик масала Россиянинг келажаги учун ҳал қилувчи: аҳоли қаримоқда, ёшлар улуши кичраймоқда, туғилишлар кам. Шу шароитда ўзбекистонликлар (умуман марказий осиёлик мигрантлар) қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, хизматлар, озиқ-овқат ва саноат каби тармоқларда юзага келган «демографик бўшлиқ»ни тўлдириб турадиган таянч устун бўлиб туришибди. Уларнинг ишлаши, солиқ тўлаши ва қиймат яратиши Россия учун катта фойда келтиради. Қандайдир маънода инқирозда қутқариб ҳам турибди.

Музокараларда ва айниқса ижтимоий мулоҳазамизда ҳам ана шу фактларни билишимиз лозим. Улар ҳам билиб қолишади.

Қисқаси, кўп ўзбеклар муҳожир бўлгани учун, биз Россияга қарам эмасмиз; аксинча, Россия иқтисодиёти бизни меҳнат кучига сезиларли даражада таянишга мажбур. Бу икки тарафлама фойдали алмашув, лекин уларда биздан кўра йўқотадиган нарсаси каттароқ. Муқобиллик уларда камроқ.

Биз каби, тил биладиган, мослашувчан, контекстни тушунадиган ва маданий жиҳатдан яқин меҳнат қўлларини, улар ўрта муддатда бошқа манбадан топа олишмайди ва тезда алмаштира олишмайди. Шунинг учун муҳожирларга тўсиқ қўйишдан кўпроқ зарар кўрадиган томон — айнан Россия.

Уларни ҳукуматнинг айрим амнистия ва юмшатиш чораларини ҳам ўзбекларга «ғамхўрлик»дан кўра, реал иқтисодий эҳтиёж — ишчи кучига кучли боғлиқлигидан келиб чиқмоқда. Буни унутмаслигимиз керак. Уруш ҳам, бу масалада ҳам демографик равишда, ҳам иқтисодий равишда, музокараларда бизни нисбий кучимизни кўпайтирмоқда.