Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Қирғизистондан ноқонуний олиб кирилган минглаб дори воситалари айланишини тўхтатди.
Наманган вилоятида муқаддам жиноят содир этган шахс яна ноқонуний йўлга қадам қўйди. У Қирғизистон Республикасидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кириб, сотиш орқали даромад топишни режалаштирган. Бунинг учун қирғизистонлик таниши билан келишиб, катта партиядаги препаратларни етказиб беришни сўраган.
Натижада қирғизистонлик шахс 16 755 дона «Регапен» номли дори воситасини Косонсой туманига яширин йўллар орқали олиб келиб, хуфия жойга жойлаштирди. Кейин эса наманганлик шахс препаратларни Наманган шаҳрига олиб келиш учун ўз ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда куръер дори воситаларини олиб кетаётганда ушланди. Тадбир давомида буюртмачи ҳам қўлга олинди. Ҳар иккаласига нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 251-1-моддалари бўйича иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Фарғона вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорликда ўтказган тадбирда Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи шахс тўхтатилди. Унинг «Трекер 2» автомашинаси юкхонасидан 11 200 дона «Регапен» дори воситалари топилди.
Терговга қадар текширувда препаратлар Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кирилгани аниқланди. Ҳозирда шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.