Маълумотга кўра, ҳоким Шухрат Абдурахмонов бошчилигидаги делегация Вашингтонда «Oppenheimer» бошқарувчи директори Жон Тонелли билан музокаралар ўтказган. Суҳбат чоғида Андижонда амалга оширилиши режалаштирилган йирик инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинган.
Шулардан бири — қиймати 180 млн доллар бўлган тўқимачилик саноати зонаси бўлиб, у ерда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар қурилиши режалаштирилган.
Иккинчи йирик ташаббус — Хонобод шаҳрида сунъий кўл барпо этиш. Лойиҳа қиймати 20 млн долларни ташкил қилади ва унинг асосий мақсади ҳудудни маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун жозибали марказга айлантиришдир.
Энг катта лойиҳа эса «Янги Андижон» шаҳарсозлик дастури бўлиб, унинг умумий қиймати 1 млрд долларни ташкил қилади. Янги шаҳарда боғча, мактаб, университет, музей, кутубхона ва IT-паркни ўз ичига олган замонавий таълим кластери қурилиши режалаштирилган.
«Oppenheimer» мазкур ташаббусларнинг молиялаштириш жараёнларида иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Аввалроқ, компания Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳам қатор саноат ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳамкорлик келишувларини эълон қилган эди.