Россия Украинага 805 та дрон билан ҳужум қилди

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

7 сентябрга ўтар кечаси Россия Украинага қарши рекорд даражадаги ҳаво ҳужумини бошлади. Унда 805 та дрон ва 13 та «Искандер» ракетаси қўлланилди.

Drones

BBC маълумотига кўра, бу пайтга қадар энг йирик ҳужум 9 июлда қайд этилган бўлиб, ўшанда 728 та дрон ва ракета ишлатилган эди. Янги ҳужум натижасида асосий зарар Киевда кузатилди. Бир нечта турар жой бинолари вайрон бўлди, Украина Вазирлар Маҳкамаси биноси илк бор нишонга олинди.

Украина расмийлари маълумотига кўра, 751 та ҳаво нишони — 747 та дрон ва тўртта ракетани Украина ҳаво мудофааси йўқ қилган. Шунга қарамай, мамлакат бўйлаб 37 та жойда тўққизта ракета ва 56 та дрон зарбалари қайд этилди. Киевда аёл ва унинг боласи ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Зарар кўрган ҳудудлар орасида Запороже, Суми, Чернигов, Кривой Рог ва Одесса бор. Запорожеда 20 дан ортиқ уй ва болалар боғчаси вайрон бўлди. Кривой Рогда омборхоналар нобуд этилди, Одессада кўп қаватли уйга зарба берилди.

Украина президенти Володимир Зеленский қурбонлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг бу ҳаракатлари «мақсадли жиноят» ва «урушни сунъий равишда чўзиш уриниши» ҳисобланади. У халқаро ҳамжамиятни Кремл устидан босимни кучайтиришга чақирди.