Ўзбекистонлик меҳнат мигранти Москвадаги банклардан бирига кирди, аммо навбатдаги ходим унинг сўзини ҳам эшитмасдан, хизмат кўрсатишдан бош тортди. Нега бундай қилганини ҳам тушунтирмади, дейилади Independent нашри мақоласида.
Марказий Осиё давлатларидан яхшироқ ҳаёт излаб Россияга келган бу шахс ва бошқалар учун бундай адоват кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган. Баъзан эса бу ҳолат очиқча зўравонликка айланади.
«Буни айниқса шифохона, клиника ёки давлат идорасига борганингда ҳис қиласан: навбатда турганингда ҳамма сўкинаётгандек қарайди», — дейди у. Бу шахс ўзини таништиришни хоҳламади, чунки оқибатларидан қўрқади.
Бу каби ксенофобия иқтисодий реалликлар билан тўқнаш келмоқда — бугунги кунда Россияда ишчи кучи етишмайди. Бу ҳолат, биринчи навбатда, Украинадаги уруш билан боғлиқ. Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида мамлакатдаги корхоналарнинг 20 фоизидан зиёди ишчи етишмаслиги муаммосидан шикоят қилган.
Аммо меҳнаткашларни қарши олиш ўрнига, Россия расмийлари муҳожирларга нисбатан нафратни қўзғамоқда ва улар учун чекловларни кучайтирмоқда. Расмий ҳисоботларга кўра, мамлакатда 6,1 миллион меҳнат муҳожири бор, аслида эса бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин. Ҳукумат уларнинг ҳаракатини назорат қилмоқда, ишлаш ҳуқуқларини чекламоқда ва болаларининг таълим олиш имкониятларини ҳам тўсмоқда.
Мигрантларга қарши кайфият
Бу нафрат тўлқини фонида жорий ойда Москвадаги Crocus City Hall концерт залига қилинган ҳужум ва уни ёқиб юбориш билан боғлиқ суд жараёни бошланди. Унда 2024 йил март ойида 149 кишини ҳалок қилган ҳужумда тожикистонлик тўрт нафар шахс айбланмоқда. Улар ҳужумдан бир неча соат ўтиб қўлга олинган ва судда улар қаттиқ калтакланган ҳолда кўринган. Ҳужум учун жавобгарликни «ИШИД» террорчилик гуруҳи зиммасига олган бўлса-да, Россия ҳукумат идоралари Украина томонини айблашга ҳаракат қилган.
Мигрантларга нисбатан нафратли баёнотлар Россияда 2020 йиллар бошидан бери ортиб бораётган эди. Аммо айнан ушбу қатлиомдан сўнг «ҳайратомуз зўравонлик» авжига чиққанини таъкидлайди адвокат Валентина Чупик. У муҳожирлар жамоаси билан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаб келади. Унинг сўзларига кўра, қатлиомдан кейинги саккиз кун ичида муҳожирларга қарши зўравонлик бўйича 700 дан ортиқ шикоят келиб тушган.
Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ушбу воқеадан сўнг жамоатчилик кайфиятини ифода этди: «Миграцияни назорат қилиш жуда муҳим», деб таъкидлади у. Унинг сўзларига кўра, бу хорижликлар томонидан содир этилаётган «ноқонуний фаолият»ни суд қарорига эҳтиёж қолдирмасдан депортация қилиш имконини беради.
Ушбу зўравонлик инсон ҳуқуқлари ташкилотларида ҳам жиддий ташвиш уйғотди.
«Марказий Осиё мамлакатларидаги оғир иқтисодий вазият туфайли Россияда иш излаётган муҳожирлар бугун этник белгилар асосида таҳқирланиш, асоссиз ҳибсга олиниш ва полиция томонидан бошқа турдаги таъқибларга учрамоқда», — дейилади Human Rights Watch ташкилотининг ушбу ҳужум юзасидан тайёрланган ҳисоботида.
«Бу даҳшатли қатлиомга қарамасдан Россиядаги марказий осиёлик муҳожирларга қарши ҳуқуқбузарликларни оқлаб бўлмайди», — дейди ҳисобот муаллифи Сийинат Султаналиева.
Рейдлар, оммавий ушлашлар ва чекловлар
Баъзи зўравонликлар бора-бора босилган бўлса-да, улар бутунлай йўқолгани йўқ. 2025 йил апрел ойида полиция Москвада қирғизлар томонидан ишлатиладиган ҳаммомни рейд қилди. Видеоёзувларда ниқоб кийган одамлар яримяланғоч одамларни ерда эмаклатиб, қасддан уларнинг устидан ёоқ билан босгани ва кейин хавфсизлик камерасининг линзасини ёпгани акс этган.
Полиция оммавий рейдлар пайтида омборлар, қурилиш майдонлари ва масжидларда муҳожирларни ушлаб кетгани ва кейин уларни Украинадаги урушда қатнашиш учун армияга қўшилишга мажбур қилгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Айрим муҳожирлар яшаш рухсатномаси билан таҳдид қилинган, бошқалари эса сўнги пайтларда фуқаролик олганлар бўлиб, ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтишни унутган. Бундай ҳолатларда армия сафида хизмат қилиш қамоқ ёки депортацияга ягона муқобил сифатида кўрсатилмоқда. Қолаверса, айрим муҳожирларга Россия фуқаролигини олиш учун «тезкор йўл» армияга кириш шарти билан таклиф қилинмоқда.
Май ойида Санкт-Петербургда сўзга чиққан Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин «Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда яшашни ёқтирмайдиган 20 минг нафар ёшлар Россия фуқароси сифатида Украина фронтнинг олд чизиғи жанг қилаёда хизмат қилаётгани»ни таъкидлади.
Зўравонликдан халос бўлган муҳожирлар ҳам янги аксилмуҳожир қонунларининг таъсири остида қолмоқда. Бу қонунлар, айниқса, Марказий Осиёдан келган муҳожирларга қаратилган.
2024 йилда Россиянинг 13 та регионида муҳожирлар учун меҳмонхона, умумий овқатланиш, молия соҳаларида ҳамда ҳатто таксичиликда ишлаш тақиқланган. Москва областида сентябр ойидан бошланган пилот дастурига кўра, визасиз кирган муҳожирлар махсус иловалар орқали назоратга олинади. Бу тизимга амал қилмаганлар полиция рўйхатига киритилади, банк хизматларидан фойдаланиши чекланади, мобил алоқа ва интернетга уланиш имконияти ҳам тўхтатилиши мумкин.
Яна бир янги қонунга кўра, муҳожирларнинг болалари фақат рус тилида сўзлаша олишини исботлагандагина мактабга бора олади. Қонун кучга кирганидан олти ҳафта ўтиб, маҳаллий ОАВга маълум қилинишича, рус тилини билиш тестидан ўтиш учун ариза топширган болаларнинг фақат 19 фоизи унга киришга муваффақ бўлган. Кўпинча рад этилиш сабаби — ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги ёки нотўғри расмийлаштирилиши бўлган.
Россияда қарийб йигирма йилдан бери яшаб келаётган ва Санкт-Петербургда яшайдиган яна бир ўзбекистонлик эркак, резидентлик ҳужжатини олиш учун етти соатдан зиёд навбатда туришига тўғри келганини айтди. У ҳам ўзини ошкор қилмади, чунки жазоланишдан қўрқади. У Россияда қолишни истайди, аммо муҳожирлар учун шароит тобора оғирлашиб бораётганини таъкидлади.
«Ҳужжатларни расмийлаштириш жуда қийин. Вақт етишмайди», — дейди у.
Бу таҳқирловчи қонунлар баъзан муҳожирларни пора беришга мажбур қилмоқда. Адвокат Валентина Чупикнинг таъкидлашича, Россиядаги тизим муҳожирлар ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашнинг ўзи мумкин бўлмаган ҳолатлар яратади.
«Бу кенг қамровли тартибга солишнинг аслидаги мақсади шу: муҳожирларнинг барчаси қонуний бўлиши учун эмас, балки барчани ноқонуний ҳолатга тушириш учун қилинмоқда, — дейди у. — Шунда улар исталган пайтда исталган шахсдан пора талаб қилишлари ва қаршилик кўрсатганларни исталган вақтда депортация қилишлари мумкин бўлади».
Мигрантларга нисбатан нафратни рағбатлантириш
Муҳожирларга нисбатан нафратнинг яқин вақтларда камайиши эҳтимолдан йироқ. Бу ҳолат, айниқса, Россия Тергув қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин каби расмийлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли шундай. Унинг таъкидлашича, муҳожирлар «фақат ғояси билан эмас, балки муайян бинолари (масалан, масжидлар) орқали ҳам бизга жисман босиб келмоқда».
Ултра-миллатчи депутат Леонид Слуцкий эса муҳожир ишчиларни «агрессив тутум кўрсатаётган, низолар ва хавфли вазиятлар келтириб чиқараётган», деб таърифлади.
Қозоғистондаги Нурсултон Назарбоев номидаги университетда сиёсатшунослик бўйича доцент Каресс Шенкнинг таъкидлашича, муҳожирлар кўплаб ижтимоий муаммолар учун айбдор қилинаётгани фақат Россияда эмас.
«Чегараларни ёпиш, муҳожирларга рейдлар ўтказиш ва сиёсатни қатъийлаштириш — дунё бўйлаб сиёсатчилар учун энг осон ва тезкор воситалардир, — деди у. — Бундай сиёсий айланмалар геосиёсий босимларга боғлиқ ҳолда юз беради, бугун биз шунга гувоҳ бўляпмиз. Лекин улар сайлов кампаниялари ва ички сиёсий рақобат билан ҳам боғлиқ».
Москвадаги банкда камситилган ўзбекистонлик муҳожирнинг айтишича, бугунги кунда тарқалаётган «аксилмуҳожир пропаганда» сўнгги йиллардаги барча танқидий баёнотлардан ҳам кучлироқдир.
«Агар ҳар бир одам телевидение, радио ёки интернетда фақат «муҳожирлар ёмон, ёмон, ёмон», деган гапларни эшитаверса, уларга фақат ёмон жойлар ва ёмон одамлар кўрсатилса, албатта, бутун жамоатчилик шундай ўйлай бошлайди», — деди у.
Бундай муҳожирларга қарши риторика 2022 йилда Украинага уруш очишни оқлаш учун ишлатилган Владимир Путин ва бошқа расмийларнинг миллий чўпчакларининг қисмига айланган — гўёки Россия доимо хавф остида.
«Россия сўнги йилларда ўзи яратган «ташқи душманлар»ни — муҳожирлар, украиналиклар ва Ғарбни — бир чўпчакка жамламоқда, — дейди муҳожирлар, шахсийлик ва ижтимоий масалалар билан шуғулланувчи тожик журналисти Шер Ҳошимов. — Бунинг натижасида Россияни қамага олинган қалъадек кўрсатишмоқда, Путин эса оддий россияликлар учун ягона ҳимоячи сифатида тасвирланмоқда».
Москвадаги ўзбекистонлик муҳожирнинг таъкидлашича, Россия муҳожирларга ёрдам бериш мақсадида шундай шароит яратган гўё.
«Аммо бу қоидалар ишламайди, — дейди у. — Муҳожирлар ўзлари яккаликда енгиб ўта олмайдиган махсус тўсиқлар яратилмоқда».