Сурхондарёда 15 млн долларлик эко ва тиббий туризм маркази

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Хўжаикон туз конида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, замонавий туризм ва соғломлаштириш инфратузилмаси қурилади.

Kapa yurt

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотича, Эроннинг «Kapa Yurt Soon» компанияси 15 млн долларлик сармоя билан «Kapa Yurt Salt Town» тиббий ва экотуризм комплексини барпо этади. Лойиҳа тузли ванналар, соғломлаштириш марказлари, модулли меҳмонхоналар, шунингдек тузни қазиб олиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш қувватларини ўз ичига олади.

2025–2035 йилларда уч босқичда амалга ошириладиган дастур доирасида умумий қиймати 12 млн еврога тенг қўшимча инвестиция ҳам йўналтирилиши режалаштирилган. Комплекс ҳудудида 500 ўринли 100 та модулли меҳмонхона, амфитеатр, ҳунармандлар маркази ва туз музейи қурилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, «Тоҳир ота» зиёратгоҳини қайта таъмирлаш ҳам режага киритилган.

Лойиҳа доирасида 200 мингга яқин дарахт экиш, 1 гектар майдонда сунъий тузли кўл барпо этиш ҳам назарда тутилган. Туристик зона замонавий электр, газ, интернет ва темирйўл инфратузилмасига уланади.

Мутахассислар маълумотича, ғорда нафас йўллари, аллергия, бронхит, терини ва асаб тизими касалликларини ташхислаш ва даволаш имконияти яратилади. Комплекс ишга тушгандан сўнг 250 та иш ўрни яратилиб, йилига тахминан 200 минг маҳаллий ва хорижий сайёҳлар жалб қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, тузнинг саноат миқёсида экспорти йўлга қўйилади.

Томонлар ҳозирда лойиҳани чуқур таҳлил қилиш, жой танлаш ва амалга ошириш босқичларини белгилаш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги «Жанубий Сурхон» сув омборида экотуризм маскани қуриш учун 15,7 гектар майдон ажратилгани ҳақида хабар берган эдик.