Тадбиркор: давлат ташкилотлари учун жарима қўлланилмаяпти

11:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Давлат харидлари амалиётида тадбиркорлар томонидан қатор саволлар қўйилмоқда: гаров суммаси етарли эмас, модератор аралашуви бор, давлат ташкилотлар эса жазодан четда қолмоқда.

Tadbirkorlar

«Абсолют партнёрлик» компанияси раҳбари Сиддиқов Ҳусан давлат харидлари ва биржа савдоларида учраётган муаммолар ҳақида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, масала ҳам давлат ташкилотларида, ҳам тадбиркорларнинг ўзида мавжуд.

Сиддиқовнинг айтишича, айрим тадбиркорлар буюртмани олиб, керакли сифат ва ҳажмда товарни етказиб бермайди. «95 миллионлик принтерга тенглашадиган маҳсулотни айрим якка тартибдаги тадбиркорлар 23 миллион сўмга ютиб, охир-оқибат А4 қоғоз олиб бориб беряпти. Бу умуман нотўғри ҳолат», — деди у.

Унинг таъкидлашича, асосий муаммолардан бири — гаров суммаларининг пастлиги. «Гаров суммаси анча кам. Ё уни кўтариш керак, ёки тенг қилиб қўйиш керак. Ўшанда тадбиркор ҳаммасини ўйлаб киришади. Ҳозир кўп ҳолларда гаров қўйилмаяпти», — деди компания раҳбари.

Шунингдек, у биржа модераторларининг ҳаракатларини ҳам танқид қилди. Давлат ташкилоти қандай товар кераклигини ўзи кўрсатяпти. Аммо модератор киришиб, қўшимча шартларни олиб ташлаяпти. Бу ҳам тадбиркорга, ҳам давлат ташкилотига тўсиқ бўлишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда товар етказилгандан кейин ҳам муаммолар келиб чиқмоқда. Масалан, кондиционер каби техник жиҳозлар харид қилинганда ўрнатиш хизмати учун алоҳида пул ажратилмаяпти. «Товар олиб келинади, лекин ўрнатиш учун маблағ берилмайди. Унда у бир йиллаб ётиб қоладими?», — деб сўради тадбиркор.

Сиддиқов суд ишларига тўхталиб, айрим давлат ташкилотлари мажбуриятни бажармаса-да, уларга нисбатан жарима қўлланилмаётганини қайд этди. «Давлат ташкилоти ҳам халқнинг пули ҳисобидан яшаяпти. Биз адвокат ёллаймиз, вақт сарфлаймиз. Уларга жарима бериш керак бўлганда «Давлат ташкилоти». Давлат ташкилотида ҳам ўша инсон ўтирибди», — деди у.

Муаммолар юзасидан мутасаддилар изоҳ беришмади, «ёзиб олдик» деган жавоб билан чекланишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ очиқ мулоқотда қатнашган тадбиркорлардан бирининг савдо платформаларида учраётган бюрократия туфайли бозор кириш қийинлашаётгани ҳақидаги мурожаатини ёзган эдик.