Ҳукумат қарорига кўра, 2026 йилдан исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини жисмоний ва юридик шахслар тўғридан тўғри электрон ариза бериш орқали олиш имконига эга бўлади. Бу жараён Ягона интерактив давлат хизматлари портали, ЙҲХХ расмий сайти ва мобил иловаси, шунингдек инфокиосклар орқали амалга оширилади.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб рақамлар учун ягона оширилган тўлов миқдори «Uzavtomotobelgi» томонидан белгиланади. Бундан аввал амал қилган аукцион савдолари Республика товар-хомашё биржаси томонидан тўхтатилади. Савдога қўйилиб сотилмаган рақамлар ҳам янги тартибга мувофиқ берилади.
Қарорга мувофиқ, автомобил қайта рўйхатдан ўтказилганда рақам белгисини сақлаб қолиш имкони ҳам яратилади. Бу ҳолда рақам ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдоридаги тўлов билан эгаси номида қолиши ёки бошқа шахсга ўтказилиши мумкин. Бу талаб жорий йил 1 ноябргача берилган рақамларга ҳам татбиқ этилади.
Янги тартибга асосан, 2026 йилдан бошлаб ягона очиқ маълумотлар базасида барча рақамлар ҳудуд кодлари доирасида жойлаштирилади. Янги кодга ўтиш имкони эса фақат мавжуд комбинацияларнинг 90 фоизи банд бўлган тақдирда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, онлайн аукционда 10 777 ZZZ рақами рекорд нархда 1,56 миллиард сўм (122,2 минг доллар)га сотилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳам исмни машина авторақам белгисига ёзиб қўйишга рухсат бериш юзасидан ҳукумат қарори имзолангани ҳақида хабар берган эдик.