«Аҳволи абгор». Алишер Қодиров Транспорт вазирлигини қаттиқ қоралади

19:40 | 4 дақиқада ўқилади.

«Қачон самолёт ва поездларимизга бемалол чипта сотиб олиш имкони бўлади? Самолётлар сони қачон кўпайтирилади?», — дея сўради у.

Alisher qodirovФото: Podrobno.uz

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Транспорт вазирлигини танқид остига олди. Унинг сўзларига кўра, йўловчилар самолёт ва поезд чипталарини бемалол харид қила олмаяпти, авиарейслар сони камлиги эса туризм ривожига тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Алишер Қодиров «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари йўловчиларга қулайлик яратиш бўйича етарли чора кўрмаётганини қайд этди.

«Қачон самолёт ва поездларимизга бемалол чипта сотиб олиш имкони бўлади? Самолётлар сони қачон кўпайтирилади? Юртимизнинг тарихий ва туристик шаҳарларига сайёҳлар келяпти, аммо бунинг учун инфратузилма етарли эмас. Туристик шаҳарларимизга хоҳлаган пайтда самолётда кета олиш имкони йўқ, чунки ҳар кунлик рейс мавжуд эмас. Йўловчи оқими кўп, аммо шароит етарли эмас. Транспорт вазирлиги туризм ривожига етарли даражада ҳисса қўшмаяпти. Бу борада узоқ йилга мўлжалланган стратегияси ҳам мавжудлигига шубҳамиз бор», — деди у.

Шунингдек, Қодиров айрим туристик йўналишлардаги инфратузилма аҳволига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, кўп минг йиллик тарихга эга Сармишсойга олиб борадиган йўлнинг аҳволи абгорлиги мисол сифатида тилга олди.

«Бундан ташқари, айрим туристик объектларга олиб борадиган транспорт йўлларининг аҳволи абгор ҳолатда. Масалан, кўп минг йиллик тарихга эга Сармишсойга борадиган йўл ачинарли. Бу каби муаммоларни бартараф этиш туризм имкониятларимизни янада оширади. Бунинг учун Туризм қўмитаси ҳам ташаббускор бўлиши лозим», — деди фракция раҳбари.

Шунингдек, йиғилишда Маданий мерос агентлигига ажратилган маблағларнинг 59 фоизи ўлаштирилгани, музейлар моддий-техник базасини яхшилаш учун ўзлаштирилган маблағ эса атиги 18 фоизни ташкил қилгани айтилиб, агентлик вакилларидан изоҳ сўралди.