АҚШ визасини олиш янада қийинлашди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Янги тартибга кўра, россияликлар энди АҚШ визаси учун ҳужжатларни фақат Остона ёки Варшавада топшириши мумкин бўлади. Бу ўзгариш россиялик фуқароларнинг виза олиш жараёнини кескин чеклаб, аввал мавжуд бўлган енгилликларни йўққа чиқарди.

Viza

АҚШ ноиммиграцион визалари учун янги қоида фуқароларга катта чеклов қўйди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълумот берди.

Эндиликда хориж фуқаролари ноиммиграцион визалар, жумладан, B1/B2 сайёҳлик визаси учун аризани фақат ўз фуқаролиги ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга мамлакатда топшириши мумкин. Илгари бу турдаги аризалар исталган давлатда қабул қилинган.

6 сентябрга қадар суҳбатга ёзилганлар учун олдинги шартлар амал қилишда давом этади. Янги қоида дипломатик, хизмат ҳамда НАТО визаларига татбиқ этилмайди. Айрим ҳолларда тиббий ёрдам, инсонпарварлик ёки ташқи сиёсат асосида истисноларга рухсат берилиши қайд этилган.

Шу билан бирга, виза бериш вақтинча тўхтатилган мамлакатлар фуқаролари учун аниқ йўналишлар белгиланди. Масалан, россияликлар Остона ва Варшавада, белоруслар Вилнюс ва Варшавада, украиналиклар эса Варшава ва Краковдаги элчихоналарга мурожаат қила олади. Эрон фуқаролари учун эса Дубайдаги ваколатхона хизмат кўрсатади.

Охирги ойларда Доналд Трамп маъмурияти АҚШ визаси қоидаларини босқичма-босқич қаттиқлаштирмоқда. Май ойида хорижлик талабалар учун ижтимоий тармоқларда мажбурий текширув жорий этилди. Июнда эса 12 давлат фуқароларига кириш тақиқланди, кейинроқ рўйхат яна 36 давлат билан кенгайтирилди.

Августда тижорат юк машиналари ва олис йўналишларда ҳаракатланувчи хорижлик ҳайдовчиларга ишчи визалар ҳам тўхтатилди. Давлат котиби Марко Рубио бу қарорни маҳаллий ҳайдовчилар манфаатини ҳимоя қилиш билан изоҳлади.