АҚШ 39 нафар ўзбекистонликни депортация қилди
7 сентябрь куни АҚШ ҳукумати мамлакатда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган 39 нафар ўзбекистонлик фуқарони депортация қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди. Элчихонага кўра, ушбу парвоз ноқонуний иммиграцияга қарши давомли чора-тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади. «АҚШ чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаган. Ноқонуний кирганлар қамалади ва депортация қилинади», — дейилади расмий изоҳда.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур жараёнлардаги яқин ҳамкорлигини алоҳида қайд этди. Маълумки, АҚШда ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан чиқариш амалиёти сўнгги йилларда кучайган. Бу сиёсат айниқса Доналд Трамп президентлиги даврида фаоллашган эди.
«Аҳволи абгор». Алишер Қодиров Транспорт вазирлигини қаттиқ қоралади
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Транспорт вазирлигини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, йўловчилар самолёт ва поезд чипталарини бемалол харид қила олмаяпти, авиарейслар сони камлиги эса туризм ривожига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Қодиров «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари йўловчиларга қулайлик яратиш бўйича етарли чора кўрмаётганини айтиб, «Қачон самолёт ва поездларимизга бемалол чипта сотиб олиш имкони бўлади?» деган саволни ўртага ташлади.
Фракция раҳбари айрим туристик йўналишлардаги йўлларнинг аҳволи ҳам ёмонлигини қайд этди. Хусусан, кўп минг йиллик тарихга эга Сармишсойга олиб борадиган йўлнинг абгор ҳолати мисол сифатида тилга олинди. Қодиров бу каби муаммоларни бартараф этиш туризм салоҳиятини оширишини таъкидлаб, бу борада Туризм қўмитаси ҳам ташаббускор бўлиши лозимлигини билдирди. Шунингдек, йиғилишда Маданий мерос агентлиги маблағларини ўзлаштириш масаласи ҳам кўтарилди.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 50 млрд доллардан ошди
Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, мамлакат захиралари тарихда илк бор 50 млрд долларлик чегарадан ўтди. 1 сентябр ҳолатига кўра, улар 50,08 млрд долларни ташкил этди, бу эса бир ойда 1,34 млрд долларга ўсиш демакдир. Олтин захиралари ҳам рекорд кўрсаткичга чиқиб, 40,06 млрд долларга етди ва 11,8 млн трой унсия ҳажмда сақланмоқда.
Бироқ валюта захиралари бироз пасайиб, 8,43 млрд долларга тушди. Жумладан, хорижий банкларда 7,52 млрд доллар, халқаро ташкилотларда эса 908,9 млн доллар сақланмоқда. Шу билан бирга, Марказий банк қимматли қоғозларига киритилган маблағлар 1,016 млрд долларга етди. Экспертлар ўсишга жаҳон бозорида олтин нархининг рекорд даражага – 3508,7 долларгача кўтарилиши ҳам таъсир кўрсатганини таъкидламоқда.
Самарқандда чинорлар кесилди, расмийларда асос, одамларда қўрқув бор. Хавотир нимадан?
Самарқанд шаҳрида Амир Темур мақбараси яқинидаги учта кўпйиллик чинор кесиб ташланди. Видеолар ижтимоий тармоқларда тез тарқалди ва айрим фойдаланувчилар бунга қаттиқ эътироз билдириб, «Самарқанднинг кўрки бўлган булвар йўқ қилинаяпти» деган хавотирли изоҳлар қолдиришди. Расмийлар маълум қилишича, чинорлар ташқи таъсирлар сабаб мустаҳкамликни йўқотган, тана қисмида ғоваклар пайдо бўлган ва йўл томон оғиб, одамлар учун хавф туғдирган. Шу асосда шаҳар ҳокимлиги аризаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хатига кўра, расмий рухсатнома билан дарахтлар кесилган.
Ҳокимликнинг мажбуриятига кўра, ҳар бир чинор ўрнига 10 тадан қимматли турдаги кўчатлар экилиши ва икки йил давомида парвариш қилиниши шарт. Экология бошқармаси яқин кунларда янги кўчатлар ўтқазилиши ва Амир Темур мақбараси атрофида яшил ҳудуд тикланишини ваъда қилмоқда. Бироқ жамоатчилик бу изоҳларга тўлиқ ишонмаяпти — 2009 йилда Тошкентда Амир Темур хиёбонида дарахтлар оммавий кесилиб, ҳудуд «чўлга айланган» тажриба ҳали ҳам ёдда. Шу боис одамлар ҳар бир дарахт тақдирига бефарқ эмас ва табиий яшиллик қурилиш манфаатлари деб йўқ қилиниб кетмаслигига хавотирда.
2026 йилдан «чиройли» рақамлар аукционсиз, «ГАИ»нинг ўзида берилади
Ўзбекистонда келаси йилдан автомобиллар учун «чиройли» рақамларни аукцион орқали сотиш амалиёти тўхтайди. Энди исталган комбинациядаги давлат рақамини ягона оширилган тўлов асосида олиш мумкин бўлади. Бу жараён ЯИДХП, ЙҲХХ расмий сайти ва мобил иловаси, шунингдек инфокиосклар орқали амалга оширилади. 2025 йил 1 октябрдан эса рақамлар учун тўлов миқдорини «Uzavtomotobelgi» белгилайди.
Янги тартибга кўра, автомобиль қайта рўйхатдан ўтказилганда рақам белгисини сақлаб қолиш ёки бошқа шахсга ўтказиш имконияти ҳам яратилади. Бунинг учун ягона тўловнинг ярми миқдоридаги маблағ тўланади. Шунингдек, 2026 йилдан барча рақамлар ягона маълумотлар базасига киритилади, ҳудуд кодини ўзгартириш эса фақат комбинациялар 90 фоизгача тўлиб қолган тақдирда амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз, аввалги аукционларда айрим рақамлар миллиард сўмдан ортиқ нархларда сотилган эди.