Бугун, 8 сентябр куни соат 16:00 да Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновнинг суди давом эттирилади.
Мубашшир Аҳмаднинг биринчи суди 2025 йил 19 август куни бўлиб ўтганди ва айрим гувоҳлар келмагани айтилиб, суд иши 8 сентябрга қолдирилган.
Суд очиқ бўлишига қарамай, камера ва телефон воситаларига чеклов қўйилганди.
«Айни дамда кенг жамоатчиликдан шу халқ, шу миллатнинг икки дунё саодатига эришишини исташдан бошқа дарди бўлмаган уламо Мубашшир Аҳмад домланинг суд ишида адолат тантана қилиши йўлида бефарқ бўлмасликларини илтимос қиламиз. Ва айни пайтда, мавжуд воқеликка нисбатан вазминлик билан оқилона ёндошишларини, ортиқча ҳиссиётга берилмасликларини сўраб қоламиз», — дея ёзмоқда Мубашшир Аҳмад шогирдлари.
Маълумот учун, Мубашшир Аҳмад «Аzon tv» каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўғатилган.
Унга Жиноят кодексининг 244 прим 3 моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, кейинроқ шу модданинг 1-қисми “г” банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Орадан сал фурсат ўтиб, 156-моддаси 2-қисми ҳам ишга қўшилган.