Гўшт нархлари дунё бўйлаб қимматлашмоқда. Сабаблар

18:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Дунёда гўшт нархлари еттинчи ой ошмоқда. АҚШ ва Хитой талабининг кучайиши, чорва қисқариши нархларни рекорд даражага чиқарди. Ўзбекистонда ҳам импорт қилинган гўшт нархи кескин ошмоқда.

Chorsu gosht 02

Дунё бўйича гўшт нархи кетма-кет еттинчи ойдирки, ошишда давом этмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, бунинг асосий сабаби АҚШ ва Хитойда мол гўштига талабнинг кучайиши ҳамда чорва моллари сонининг камайиши билан боғлиқ.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, август ойида нархлар рекорд даражада қимматлашди. Бу эса айрим мамлакатларда инфляция босимини янада кучайтирди. Хусусан, июл ойида Буюк Британияда мол гўшти ва бузоқ гўшти истеъмол нархлари қарийб 25 фоизга ошган.

Gosht jadval

Бундан ташқари, нархларнинг ўсиши иқлим ўзгаришлари ва турли касалликлар билан боғлиқ. АҚШда қорамол сони сўнгги ўн йилликда энг паст даражага тушиб кетган бўлса, етакчи экспортчи Бразилияда ҳам чорва захиралари қисқариб бормоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, cут маҳсулотлари нархининг кўтарилиши ҳам бозорга қўшимча босим беряпти, чунки сўйишга мўлжалланган қорамоллар сони камаймоқда.

 

Ўзбекистонга таъсири қандай?

Август ойида Ўзбекистонда ҳам импорт қилинаётган гўшт нархи сезиларли даражада ошган. Шу даврда гўшт маҳсулотлари импорти 84,7 млн долларга етди.

Бу кўрсаткич июл ойида қайд этилган 81,7 млн долларлик импортдан юқори бўлиб, навбатдаги янги рекорд ҳисобланади.

Импорт таркибида энг катта улушни мол гўшти эгалламоқда. Августда унинг ҳажми 66,1 млн долларни ташкил қилди ва бу йўналишда ўсиш суръати бироз тўхтагани қайд этилди. 

Шу билан бирга, қўй гўшти импорти юқори суръатда ортмоқда: ойлик ҳажм 7,6 млн долларга етди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар кўпдир. Товуқ гўшти импорти эса 7 млн доллар миқдорида, яъни ўтган йил даражасида қолмоқда.

Tovar

2025-yil avgust (miqdori, kg) 2025-yil avgust (ming dollar) 2025-yil yanvar-avgust (miqdori, kg)

2025-yil yanvar-avgust (ming dollar)

Jami 84 737,8 505 235,6
Qoramol go‘shti 15 530 777,7 66 071,2 97 974 745,6 399 161,1
Tovuq go‘shti 5 834 972,8 7 035,9 37 808 137,8 44 160,1
Qo‘y go‘shti 3 194 003,2 7 641,0 16 935 518,4 26 985,0
Go‘sht submahsulotlari 2 214 102,3 1 537,4 20 424 250,0 19 499,8

Манба: Божхона қўмитаси маълумотларига асосланиб тайёрланди

Импорт ҳажмларининг ўсиши билан нархларда ҳам ошиш кузатилмоқда. Август ойида мол гўшти ҳар килограмми учун ўртача 4,25 доллардан (53 минг 193 сўм) импорт қилинди, бу эса июл ойига нисбатан 0,22 долларга қиммат. Қўй гўшти нархи 2,39 долларга (29 минг 910 сўм) етди, товуқ гўшти эса 1,25 доллардан (15 минг 645 сўм) келтирилди.

Статистика агентлигига кўра, 2025 йилнинг дастлабки 7 ойида гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти қиймати ўтган йилнинг шу даврига қараганда 74 фоизга ошиб, 420 млн долларга тенг бўлган.

Аввалроқ импорт қилинган гўшт нархларига оид суриштирувимизни эълон қилган эдик. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорларда арзонлаштирилган гўштлар сотилишни бошлагани, натижада нархлар барқарорлашганини маълум қилган. Унга кўра, Беларус, Ҳиндистон, Покистон ва Қозоғистондан келган  мол гўштлари 65 минг сўмдан 95 минг сўмгача сотилаётгани маълум бўлган эди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.