Ҳаракат бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, халққа қарши тажовузни тўхтатиш йўлидаги ҳар қандай уринишни маъқуллашини билдирди.
Фаластин ҳаракати ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторидан қўшинларни тўлиқ чиқариш ҳамда мустақил фаластинликлар қўмитаси томонидан ҳудуд бошқарувини таъминлаш эвазига барча маҳбусларни озод қилиш масаласини музокара қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Quds News хабар берди.
Баёнотда келишув сўзсиз ва очиқ тарзда эълон қилиниши шартлиги қайд этилди. Бу эса аввал амалга ошмаган шартномалардан фарқли бўлиши лозимлиги таъкидланди.
HAMAS, шунингдек, 18 август куни Қоҳирада воситачилар орқали тақдим этилган ва АҚШ таклифига асосланган келишувни қабул қилганини, аммо Исроил унга жавоб бермагани ва «қирғин ҳамда этник тозалашни» давом эттираётганини эслатиб ўтди.
Аввалроқ Исроил мудофаа вазирлиги Ғазо шаҳрида амалга оширилган ҳаво зарбаси оқибатида ҲАМАС ҳарбий қаноти матбуот котиби Абу Убайда ҳалок бўлганини билдирган эди.