Бугун, 8 сентябр куни соат 16:00 да Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновнинг суди давом эттирилди.
Судда қатнашиш учун қатор жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳамда судланувчининг яқин қариндошлари суд биноси олдида йиғилишди. Бу сафар ҳам судга кираётганлардан овоз ёзиш, тасвирга олиш ускуналари ҳамда қўл телефонларини топшириш сўралди.
19 август куни суд иши гувоҳлар келмагани сабабли 8 сентябрга қолдирилганди. Иккинчи суд мажлисида қатнашган гувоҳлар қўйилаётган айбловлар учун етарлича далил келтира олишмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, шу сабаб Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар сирасидан «миллатлараро низо қўзғатиш» айблови олиб ташланган. Ўз навбатида гувоҳлардан бирининг даъвоси ҳам бекор қилинган.
Суд мажлиси яна қолдирилиб, 15 сентябрда давом эттириладиган бўлди. Бунга судланувчини сўроқ қилишга вақт етмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
Маълумот учун, Мубашшир Аҳмад «Аzon tv» каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўғатилган.
Унга Жиноят кодексининг 244 прим 3 моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, кейинроқ шу модданинг 1-қисми “г” банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Орадан сал фурсат ўтиб, 156-моддаси 2-қисми ҳам ишга қўшилган.