Осиё тараққиёт банки ва Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси «Нукус-2» шамол электр станцияси учун 51 млн долларлик кредит шартномаси имзолади. Лойиҳа Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида амалга оширилади ва Марказий Осиёда аккумулятор тизимига эга илк коммунал миқёсдаги шамол энергетика иншооти бўлади.
200 MW қувватдаги шамол электр станцияси ва 100 MWh лик энергия сақлаш тизими ACWA Power’нинг «Beruniy Wind» компанияси томонидан қурилади. Йилига 727,98 минг MWh қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу орқали атмосферага чиқадиган углерод гази миқдори 406,17 минг тоннага камайиши ва қурилиш ҳамда эксплуатация жараёнларида 200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши мумкин.
Молиялаштиришнинг 25,4 млн доллари ОТБнинг ўз маблағларидан, яна шунчаси эса Leading Asia’s Private Infrastructure Fund 2 жамғармасидан ажратилган. Қолган маблағлар Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Нидерландиянинг FMO банки, Standard Chartered Bank ва Саудиянинг экспорт-импорт банки ҳиссасига тўғри келади. ОТБ бундан ташқари 7,5 млн долларлик кредит кафолати ҳам тақдим этган.
АБРнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Канокпан Лао-Арайнинг таъкидлашича, «Нукус-2» лойиҳаси мамлакатни паст углеродли энергетикага ўтишда муҳим босқич ҳисобланади. Лойиҳа миллий энергетика тизимини барқарорлаштиради ва 2030 йилгача энергия балансида қайта тикланувчи манбалар улушини 54 фоизга етказиш мақсадига хизмат қилади.
«Нукус-2» Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган энергетика стратегиясига мос келади. У 25 GW қувватгача бўлган қайта тикланувчи генерацияни ривожлантириш, ялпи ички маҳсулотга нисбатан углерод изини 35 фоизга камайтириш каби мақсадларга йўналтирилган. Лойиҳа ОТБнинг иқлим барқарорлиги, гендер тенглиги ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш йўналишларига ҳам тўлиқ мос келади.