Ўзбекистон Афғонистон энергетикасига 250 млн доллар инвестиция киритади

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон 2027 йилга қадар Афғонистонда 500 kVли Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш йўлини ва йирик подстанциялар қурилишини молиялаштиради.

Energetika

6 сентябр куни Афғонистонда энергетика соҳасига инвестиция жалб этиш ва тармоқни қўллаб-қувватлашга бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов ҳамда «Ўзэнергосотиш» давлат компанияси биринчи раҳбар ўринбосари Шоҳрух Карабоев иштирок этди. Йиғилиш чоғида томонлар 220–500 kV кучланишдаги электр узатиш йўллари ва подстанциялар қурилиши бўйича молиявий келишув имзолади.

Афғонистон вице-премьери аппарати маълумотига кўра, лойиҳаларнинг умумий қиймати 250 млн долларни ташкил этади. Улар орасида 500 kVли Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш йўлини қуриш, Дашти-Алван ва Арганди подстанцияларини кенгайтириш ҳамда 220 kVли Шайх Месри подстанциясини модернизация қилиш каби йўналишлар бор.

Лойиҳалар 2027 йилнинг биринчи чорагига қадар амалга оширилиши белгиланган. Ўзбекистон Энергетика вазирлигига кўра, мамлакат Афғонистонда электр тармоқларини модернизация қилиш, интеллектуал ҳисоб тизимларини жорий этиш ва барқарор энергия етказиб беришни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликка президент Шавкат Мирзиёевнинг июл ойидаги музокаралари туртки бўлди. Унда икки томонлама товар айланмасини 2 млрд долларга етказиш ва трансафғонистон темир йўлини барпо этиш масалалари муҳокама қилинган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистонда цемент ишлаб чиқариш, тўқимачилик фабрикалари ва нефт қайта ишлаш корхоналарига ҳам инвестиция йўналтириш ниятида. Шунингдек, янги электр узатиш йўллари ишга тушгандан сўнг, республика Афғонистонга қўшимча энергия етказиб бериш миқдорини оширади.