Июл ойида ушбу рейтингда давлатимиз паспорти 74-ўринни эгаллаб турганди. Бу гал эса 2 поғонага юқорилади. Ҳисоботга кўра, ўзбекистонликлар ҳозирда 62 давлатга визасиз сафар қилиши мумкин. Иордания қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайн нинг юртимизга ташрифидан сўнг бу давлат билан ҳам 30 кунлик визасиз режим жорий этиш бўйича келишувга эришилган эди.
Бу кўрсаткич Марказий Осиёда етакчи ҳисобланган Қозоғистондан анча паст — қўшни мамлакат фуқаролари 79 давлатга визасиз кириш ҳуқуқига эга.
Жаҳон рейтингида энг юқори учликка Сингапур, Япония ва Жанубий Корея кирди. Сингапур паспорти эгалари 193 давлатга, Япония ва Жанубий Корея фуқаролари эса 190 давлатга визасиз сафар қилиши мумкин.
Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистон 71-ўринни, Тожикистон 78-ўринни, Туркманистон эса 84-ўринни эгаллади. Афғонистон, Ироқ ва Сурия эса рўйхатнинг энг охирги поғоналаридан жой олди.
Henley паспорт индекси халқаро саёҳат имкониятларини солиштириш учун энг ишончли рейтинглардан бири ҳисобланади ва у мунтазам янгиланиб борилади.
Аввалроқ сўнгги ўн йилда Марказий Осиё давлатларидан неча киши Шенген визаси учун ариза топширгани ҳақида маълумот берган эдик.