Пахта терими бошланди: нархлар, фермерларга субсидия ва қўшни давлатлари билан таққослаш

17:00 | 11 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025 йилда пахта мавсумида қўлда терим учун 2 минг сўм тавсия этилди, фермерларга эса тоннасига 1 млн сўм субсидия ажратилди. Марказий Осиё давлатларида пахта теримчилари қанча ҳақ оляпти?

Paxta banner1

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2025 йилги мавсумда қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун 2000 сўм, машина ёрдамида терилган пахта учун эса 1373 сўм «тавсиявий» нарх белгилади.

Вазирлик кластер ва фермерлар теримчи билан келишиб, мустақил нарх белгилаши ҳам мумкинлигини маълум қилган. Яъни тавсиявий нарх бу энг кам миқдор дегани эмас. Фермер хўжалиги ўзидан келиб чиқиб, 1 500 сўм ёки 1800 сўм деб нарх белгилаши ҳам мумкин.

Фермер хўжаликлари теримчиларга ўтган йили 18 сентябр арафасида 1300 сўмдан 1600 сўмгача, ўртача 1500 сўм атрофида ҳақ тўланган эди. Водийда арзонроқ, воҳага эса қимматроқ нархлар қайд қилинган. 

Вазирлик 2024 йил октябрда бу миқдор (1500 сўм) теримчиларга қийинчиликлар туғдиргани учун қўлда терилган пахтанинг нархи ҳар бир килограммига 2500 сўмдан (+1000 сўм) ҳақ тўланиши ҳақида хабар берган.

Маълумот учун, 2024 йилги пахта терими мавсумида 3,5 трлн сўмлик бюджет субсидияси кластерларга берилган ва бу пахта теримини деярли рағбатлантира олмаган.

Шу йили эса пахтани ўз вақтида, нобуд қилмай териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 млн сўмдан субсидия берилди. Корхоналар ўз маблағлари ҳисобига пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қопланади. Бу ҳақида тўқимачиликка оид видеоселекторда маълум қилинган.

 

Шу йили теримчилар қанча олади?

2025 йилги пахта мавсумида идеал ҳолда ҳар бир кило пахта учун теримчига 3000 сўм тўланиши керак: 1000 сўм субсидия ва 2000 сўмлик тавсия этилган нарх ҳисобидан. 

Аммо амалда тўлов миқдорини фермер хўжаликлари ўзлари белгилайди. Шу боис қўлда терилган пахта учун тавсия этилган 2000 сўмдан паст нарх белгиланиши ҳам мумкин, бироқ бу терим жараёни самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

«Қўл теримига тўланадиган ҳақ килосига 2 минг сўмдан кам бўлмаслиги, субсидияни ҳам 10 октябргача жисман териб амалда топширилган пахтага ажратилиши аниқ қилиб эълон қилиниши тўғри бўлади. Қўл теримига 2000 сўмдан кам тўлаганга ҳам, 10 октябрдан кейинги терилган пахтага ҳам субсидия тўланмаслиги зарур», – деб иқтисодчи Отабек Бакиров муносабат билдирди.

 

Нега теримчиларни рағбатлантириш керак?

Иқтисодчи Бакиров теримчиларга юқори ҳақ тўлашнинг самараси ҳақида мулоҳазаларини ёзди.

Кузда пахтани тезроқ йиғиб олиш толанинг сифатга ҳам, фермернинг даромадига ҳам, кейинги қайта ишлаш жараёнларига ҳам ижобий таъсир қилади. Шунинг учун субсидия фақат 10 октябргача терилган ва камида килосига 1 800–2000 сўмдан юқори ҳақ тўланган пахтага берилиши самара кўпроқ бўлади. Бу ҳолда теримчи ҳар кило учун камида 2800–3000 сўм олади. Яъни бозордаги нархдан қимматроқ ҳақ тўланиши шарт.

Юқори ҳақ тўлашнинг яна бир самараси шундаки, у механизацияга туртки беради. Агар ишчи кучи арзон бўлса, фермер ҳам, кластер ҳам пахтани қўлда теришни давом эттиради. Ишчи кучини қимматлаштириш орқалигина машина теримига ўтишга қизиқиш пайдо бўлади.

Бундан ташқари, теримчиларга тўланган ҳар бир минг сўм мамлакат бўйича камида 3,5 трлн сўмлик қўшимча харажат ва истеъмолни англатади. Одатда улар қишга кўмир, боласига кийим-кечак, озиқ-овқат сотиб олади. Бу эса ишлаб чиқаришга туртки бериб, айни вақтда давлатга солиқ сифатида қайтиб келади.

Шу сабабли, теримчиларга юқори ҳақ тўланиши ҳам қисқа, ҳам узоқ муддатда иқтисодиёт учун фойда келтиради.

 

Марказий Осиё давлатларида пахта нархлари қанча?

Тожикистонда теримчилар учун 1 кило пахтага максимум 1,5 сомонийгача (1900 сўм) пул бериляпти. Бироқ бундан кўпчилик норози бўлмоқда. Маълумотларга кўра, фермерлар пахтани таннархидан арзонга сотиб, касодга учрашмоқда.

Туркманистонда эса ўтган йили теримчиларга ҳар бир килограмм пахта учун 60 танга тўланган, кейинчалик 1 манатга (3542 сўм) оширилган. Пахта терими учун нархлар кўтарилгандан кейин теримчилар пахта далаларига болалари билан чиққан. Маълумотларга кўра, бир оила (4–5 киши) бир кунда 180–200 килограмм пахта йиғиб, кунига 200 манатгача (708 минг 500 сўм) ишлаган. (Бунда, нархлар 1 АҚШ долларининг расмий курси 3,5 манат деб олинган. Аслида бозор курси 27 манатга тенг).

Қирғизистонда 2025 йилги мавсумда пахта йиғим-терими 80 минг тонна етиши прогноз қилинди. Бу йил маҳаллий корхоналар деҳқонлардан пахтани килосига 40–45 қирғиз сўмдан (5600–6387 ўзбек сўм) харид қилмоқда. Фермерлар эса камида 50 қирғиз сўмидан (7000 ўзбек сўми) юқори нарх бўлса, харажатлар қопланишини таъкидлашмоқда.

Қозоғистонда эса асосий пахта етиштирувчи ҳудуд Туркистон вилояти ҳисобланади. Ўтган йили ҳар бир килограмм учун теримчиларга 200 қозоқ тангаси (4628 сўм) берилган. Лекин фермерлардан бири теримчилардан кўра, машинада пахта териш 3 баравар арзонроқ тушишини айтган.

Солиштириш учун, Ўзбекистонда ўтган йили пахтанинг ҳар бир килограммига 1500 сўм атрофида тўланган. Лекин бу теримчиларга қийинчиликлар туғдиргани ва уларни молиявий рағбатлантириш мақсадида 2500 сўмдан қилиб оширилган. Кластер учун ажратилган 3,5 трлн сўмлик субсидия эса натижа бермаган.

2025 йилда эса вазирлик қўлда терилган пахта учун 2000 сўм тавсиявий нарх белгилади. Шунингдек, фермер хўжаликлари ҳар бир килограмм пахтага қўшимча 1000 сўмдан беришлари керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон АҚШдан пахта импорт қилишни йўл қўймоқчилиги ҳақида хабар берган эди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.