Қозоғистон Орол денгизни тиклаш ишларини бошлади

19:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон Орол денгизини қутқариш мақсадида Туркистондаги Кўксарой контррегуляторини тозалашга киришди ва баҳорда сув қуйишни режалаштирмоқда.

Orol dengiz

Қозоғистоннинг Туркистон областдаги Кўксарой контррегулятори бош гидротехника иншоотини қум ва лойдан тозалаш ишлари бошланди. Бу ҳақда мамлакат Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги 8 сентябр куни маълум қилди.

Вазир Нуржан Нуржигитовнинг айтишича, мазкур чоралар баҳор мавсумида қор эришидан ҳосил бўладиган сувларни хавфсиз ўтказиш ҳамда уларни Орол денгизи ва Қизилўрда вилоятидаги суғориладиган ерларга йўналтириш имконини беради. Унинг кўра, шу пайтдан Кўксарой контррегуляторидан Сирдарёнинг қуйи оқимига сув қуйиш жараёни ҳам бошланади.

Вазирлик маълумотича, контррегуляторнинг сув сиғими 3 млрд метр кубни ташкил этади. Унинг асосий вазифаси – Сирдарё ҳавзасидаги тошқинларни олдини олиш, Шардара сув омборига келадиган сув оқимини тартибга солиш ҳамда маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва экотизимини барқарор сув билан таъминлашдир.

Маълумки, 1960-йиллардан бошлаб Амударё ва Сирдарё сувлари асосан суғориш ишларига йўналтирилгани сабабли Орол денгизи сатҳи кескин пасайган. Бир пайтлар дунёдаги тўртинчи катта кўл ҳисобланган денгизнинг асосий қисми ҳозир чўлга айланган. Шу боис Қозоғистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган мазкур чоралар минтақадаги экологик барқарорлик ва сув таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга.