Қурилишда сохтакорлик қилган ташкилотлар «қора рўйхат»га киритилади

20:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Фуқароларни хабардор қилмасдан ишчи қилиб расмийлаштирган қурилиш ташкилотлари тендердан четлатилади ва инсофсиз ижрочилар рўйхатига киритилади.

Qurilish

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумот беришича, айрим ташкилотлар ўз рейтингини ошириш мақсадида фуқароларни розилигисиз ишчи сифатида расмийлаштирган ҳолатлар аниқланган. Бундай сохтакорлик ҳолатлари расмий тартибда ҳуқуқий чоралар кўриш учун асос бўлади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Вазирлик таъкидлашича, қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари рейтинги 2020 йил 9 ноябрдаги 699-сонли Ҳукумат қарори асосида шакллантирилади. Рейтинг автоматик равишда турли вазирлик ва идоралар маълумотлари асосида ҳисобланади. Хусусан, ишчи сони ва уларга тўланган ойлик маош ҳақидаги маълумотлар Бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси базаларидан олинади. «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими эса фақат жамланган маълумотларни тақдим этади, уларни ўзгартириш ёки сохталигини аниқлаш ваколатига эга эмас.

Қонунчиликка кўра, давлат харидларида ёлғон ёки сохта ҳужжат тақдим этган ташкилотлар Инсофсиз ижрочилар реестрига киритилади. Ушбу реестр Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан юритилади. Шу боис тендер ёки рейтинг жараёнида сохта маълумот тақдим этган қурилиш ташкилотлари тендер баённомаси бекор қилиниб, қонуний тартибда «қора рўйхат»га киритилиши мумкин.

Вазирлик маълумотига кўра, Бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда фуқарони розилигисиз ишчи сифатида расмийлаштиришни чеклаш ва бир шахснинг бир нечта ташкилотда асоссиз рўйхатга олинишининг олдини олиш бўйича янги тартиблар ишлаб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, 2022 йил 31 январдаги 46-сонли Ҳукумат қарорига асосан, қурилиш ташкилоти томонидан тендер ёки рейтинг жараёнида сохта маълумот тақдим этилгани аниқланса, тегишли идоралар хулосасига кўра вазирлик томонидан электрон баённома бекор қилинади.

Вазирлик таъкидлашича, сохта маълумот киритган ташкилотларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади ва уларнинг давлат харидларида иштирок этиши чекланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қурилиш соҳасидаги муаммолар: норасмий ишловчилар, солиқ ва кадастрдаги коррупция ҳақида таҳлилий мақола берган эдик.