Самарқандда чинорлар кесилди, расмийларда асос, одамларда қўрқув бор. Хавотир нимадан?

11:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Бундан 16 йил аввал яъни 2009 йилнинг 12 ноябридан 20 ноябрига қадар Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида дарахтлар аёвсиз кесиш ташланган эди. Соя-салқин, шабадали ҳудуд «чўлга айлантирилганди».

Ekologiya

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида Амир Темур мақбараси яқинида жойлашган учта чинор дарахти кесилгани акс этган видеолар тарқалди. айрим тармоқ фойдаланувчилари «Самарқанднинг кўрки бўлган Булварни ҳам йўқ қилиш бошланибди», дея хавотирли постлар тарқата бошлашган. Жумладан айрим тармоқ фойдаланувчилари собиқ «Интурист» ҳотели ўрнида қурилган янги меҳмонхона фасадини очиш учун кўпйиллик чинорлар атайлаб, қасддан, бир баҳона билан кесиб ташланаётганини таъкидлашган.

Хўш, уларнинг хавотирлари қай даражада ўринли? Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, кесилган ушбу чинорлар кўп йиллар давомида ташқи таъсирлар сабаб мустаҳкамлик хусусиятини йўқотган, танасида ғоваклар пайдо бўлган ва йўл томон 40 даражага оғиб қолган. Уларнинг аҳоли ва туристлар учун хавфли аҳволда қолиши эҳтимолий фожиали ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Бошқармага кўра, чинорларни кесиш учун белгиланган тартибда лицензия ҳам олинган. 22 август куни чиқарилган рухсатнома асосида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси аризаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хатига таянилган ҳолда ушбу қарор қабул қилинган.

Қарорда келтирилишича, кесилган ҳар бир чинор ўрнига қимматли турдан бўлган 10 та дарахт кўчати экилиши ва икки йил давомида парвариш қилиниши шарт. Мазкур ишларни амалга ошириш масъулияти Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси зиммасига юклатилган.

Экология бошқармаси яқин кунларда янги чинор кўчатлари экилиши ва Амир Темур мақбараси атрофида яшил ҳудуд тикланишини ваъда қилди.

Бундан 16 йил аввал яъни 2009 йилнинг 12 ноябридан 20 ноябрига қадар Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида дарахтлар аёвсиз кесиш ташланган эди. Ўша йили Амир Темур хиёбони ёнгинасида навбатдаги Курант соати биноси, «Ўзбекистон» анжуманлар саройи қурилди. Икки салобатли бинони хиёбондаги дарахтлар тўсиб турибди деган важ билан дарахтлар қирғини авж олди. Соя-салқин, шабадали ҳудуд «чўлга айлантирилди».

Бугун экология кундан-кунга ёмонлашаётган бир вақтда одамлар ҳар бир дарахт кесилишига бефарқ қараб тура олмаяпти, улар кесилаётган, экиб қаровсиз қолиб кетаётган ва қурувчилар томонидан атайлаб қуритилиб кейин йўқ қилинаётган дарахтлар тақдиридан хавотирда.