Сенатор Абдусаид Қўчимов таъкидлашича, «Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигини жадаллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун миллий қонунчиликни ЖСТ келишувларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу эса ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Қонунга кўра, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-қоидалари тўғрисида»ги ҳужжатга ўзгариш киритилиб, қора ва рангли металл парчаларини тайёрлаш, қайта ишлаш, сотиш ҳамда табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси лицензияланадиган фаолият турлари сифатида белгиланди.
Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритилиб, мазкур лицензия учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари этиб белгиланди. Қонунга мувофиқ, мазкур соҳалардаги қонунбузарликлар учун энг юқори жазо чораси — БҲМнинг 300 баравари миқдоридаги жарималар қўлланилади.
Расмий маълумотга кўра, ушбу қонун Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолик жараёнини тезлаштиришга, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришга ҳамда металл ва табиий газ бозорида рақобатбардош ва очиқ муҳит яратишга хизмат қилади.