Швейцария сунъий интеллект соҳасида тарихий қадам ташлаб, «Apertus» деб номланган миллий очиқ кодли катта тил моделини ишлаб чиқди. Бу модел Швейцариянинг етакчи илмий муассасалари — Лозанна федерал технология институти (EPFL), ETH Цюрих ва Миллий суперкомпютер маркази томонидан яратилди, деб ёзмоқда Webtekno.
«Apertus»нинг асосий мақсади — сунъий интеллектни фақат технологик компаниялар монополиясидан чиқариб, уни жамоат манфаати учун хизмат қилувчи инфратузилма сифатида шакллантиришдир. Моделнинг ўзи, таълим маълумотлари ва манба кодлари тўлиқ очиқ ҳолда эълон қилинган бўлиб, у илмий тадқиқотчилар ва компаниялар учун ҳуқуқий жиҳатдан қулайлик яратади.
Айниқса, Европа Иттифоқининг қаттиқ маълумот муҳофазаси қоидалари ва Швейцариянинг банк махфийлиги қонунлари ҳисобга олинса, Apertus маҳаллий муассасалар учун жозибали ечимга айланиши мумкин.
Ушбу тил модели 15 трлн сўздан иборат катта миқдордаги маълумотлар асосида ўқитилган. У фақат йирик ташкилотларга эмас, балки тадқиқотчилар ва ҳаваскор дастурчилар учун ҳам очиқ. Apertus чат-ботлар, таржима тизимлари, таълим платформалари ва корпоратив ечимлар яратишда қўлланиши мумкин.
Айни пайтда Apertus моделининг 8 миллиард ва 70 миллиард параметрли икки версияси Swisscom ҳамда Hugging Face платформалари орқали очиқ тарзда фойдаланиш учун тақдим этилган.