Суд-экспертлик «E-ekspertiza» ахборот тизими жорий этилади

20:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда суд-экспертлик фаолиятини рақамлаштириш ва сунъий интеллект асосида самарадорлигини оширишга қаратилган янги қарор қабул қилинди.

Expertiza

Президентнинг 8 сентябрдаги ПҚ–270-сон қарори шу йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб берди. Ҳужжатга кўра, соҳада тадқиқотларнинг тезкорлиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш учун рақамли технологиялар кенг қўлланилади.

Шунингдек, суд-экспертиза ташкилотлари ва экспертиза тайинловчи органлар ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилиниб, электрон ҳужжат айирбошлаш ҳажми 100 фоизга етказилади.

Қарор асосида «E-ekspertiza» ахборот тизими суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига тўлиқ жорий этилади. Мазкур платформа судлар, терговга қадар текширув, суриштирув ва маъмурий ишларни кўриб чиқувчи органлар билан электрон ҳужжатлар алмашинувини таъминлайди.

Янги тизим босқичма-босқич амалга оширилади: 2026 йил 1 январдан республика даражасидаги органларда, 1 июндан ҳудудий даражада, 1 сентябрдан эса туман ва шаҳар даражасида жорий этилиши режалаштирилган.

Лойиҳа соҳада инсон омилини камайтириш, холис ва шаффоф хулосалар тайёрлаш ҳамда суд ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Нодавлат суд-экспертиза институтининг ваколатлари кенгаяди

Юқоридаги қарорга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ихтиёрий аъзолигига асосланган Суд экспертлари палатаси ташкил этилади. Ушбу тузилма соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси фаолияти йўлга қўйилади. Комиссия нодавлат суд экспертларининг касбий тайёргарлик даражасини баҳолаш ва ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатларни холис кўриб чиқиш билан шуғулланади.

2025 йил 1 ноябрдан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича адвокат сўровига кўра шартнома асосида экспертиза ўтказиш амалиёти жорий этилади. 1 декабрдан эса нодавлат экспертларга якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида ишлаш ҳуқуқи берилади.

Шу билан бирга, 15 декабрдан Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига онлайн мурожаат қилиш имконияти «Sud-ekspert» портали орқали йўлга қўйилади. 2026 йил 1 январдан эса суд экспертлари объектларни кўздан кечириш жараёнида бодикамерадан фойдаланиши мажбурий бўлади.