Тадбиркорлар учун МЧЖлардаги улушларни ўтказиш механизми енгиллаштирилмоқда

12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Масъулияти чекланган жамиятларда олди-сотди жараёнлари ва ажратиб олишда ҳуқуқларни бериш механизми соддалаштирилади.

Qo'l siqib ko'rishish

5 сентябр куни Президент Шавкат Мирзиёев корпоратив муносабатлар соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қарорни имзолаган эди. Қарорга кўра, фаолияти Президент ҳузуридаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кенгаши доирасида амалга ошадиган янги комиссия — корпоратив этика комиссияси ташкил этилади.

Ушбу комиссия юридик шахслар ва хўжалик жамиятларига корпоратив этикага оид масалаларда тавсиялар бериб бориш, низоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Комиссия 2025 йил 1 ноябрдан иш бошлайди.

Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, масъулияти чекланган жамиятларда (МЧЖ) иштирокчиларни қўшиш ва чиқариш жараёнлари енгиллаштирилади. Қабул қилинган қарор кучга кириши учун давлат рўйхатига киритиш кутилмайди — у қабул қилинган пайтданоқ амалга киритилади.

Агар иштирокчининг улуши сотилса ёки учинчи шахсга ўтказилса, тегишли ҳужжат нотариусда расмийлаштирилгандан сўнг кучга киради. «E-auksion» орқали хусусийлаштириш ҳолатида эса, тўлиқ тўлов амалга оширилган кундан эътиборан мулк ҳуқуқи юзага келади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш платформасига «Notarius» ахборот тизими интеграция қилинади. Онлайн тартибда иштирокчиларга уларнинг имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланиш имкони тўғрисида автоматик хабар бериш имкони яратилади.