Трамп Қозоғистонга бормоқчилигини айтди, уни Ўзбекистон ҳам таклиф қилган

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

«Ҳа, боришим мумкин», — дея жавоб берди АҚШ президенти Қозоғистонга ташриф буюриши ҳақидаги саволга.

Tramp

Америка раҳбари Доналд Трамп Қозоғистонга ташриф буюриш имкониятини маъқуллади ва ушбу мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан «ажойиб суҳбат», — ўтказганини маълум қилди. Бу ҳақда Трамп Оқ уйнинг Жанубий майдонида журналистларнинг саволларига жавоб бериш чоғида маълум қилди.

«Ҳа, боришим мумкин», — дея жавоб берди АҚШ президенти Қозоғистонга ташриф буюриши ҳақидаги саволга. «Мен у билан ажойиб суҳбат ўтказдим», — дея қўшимча қилди Трамп Тўқаев ҳақида гапирар экан.

«Унга салом айтинг. У яхши инсон», — дея таъкидлади Америка раҳбари.

Қозоғистон Бош вазири ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин шу ойнинг бошида АҚШ билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш республика ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини айтган эди. «Остона савдо айланмасини ошириш имкониятларини кўрмоқда», — деди у АҚШ Савдо палатаси вице-президенти Хуш Чокси ва Америка компаниялари вакиллари билан учрашувда. Унда савдо тўсиқлари ҳам муҳокама этилди.

1 август куни Трамп 60 дан ортиқ мамлакат ва Европа Иттифоқига нисбатан 15 фоиздан 41 фоизгача бож солиқларини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоғистон учун бож ставкаси 25 фоиз миқдорида белгиланди. Бунга қадар Трамп Тўқаевга бундай қарорни асослаб хат йўллаган эди.

Тўқаев, унинг матбуот хизмати маълумотларига кўра, жавоб хатида келишувга эришиш мумкинлигига ишонч билдирган. Қозоғистон Савдо вазирлиги Вашингтонга вазиятни ҳал этиш бўйича таклифлар тақдим этганини маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, бож солиқлари республикадан АҚШга экспортнинг тахминан 5 фоизига таъсир кўрсатади.

Аввлароқ, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилганди ва АҚШ етакчисини Ўзбекистонга таклиф қилган эди.