Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфуза Тошматовага тегишли видеомурожаат тарқатилди. Унда маҳалла хотин-қизлар фаолларини пахта теримига мажбурлаш ҳолати акс этган. Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдириди.
Дилфуза Тошматова ҳар бир фаол 5 нафардан одам олиб чиқиши зарурлигини, 150 нафар одам далани «ямламай ютиши кераклигини» айтган. Шунингдек, у бу ишга қаршилик қилганлар «донолик қилмасдан» кетавериши мумкинлигини, олиб ўтирилмаслигини билдирган.
«Нима ҳурматингни қилса ўзингдан кетасанлар? Қани муносабат билдирганинг? Келаётганлар, ҳамманг тез-тез бўл, хабарингни бер. Мен ҳозир рўйхат қилишим керак. Тушликкача неча киши, қанча кило терамиз, ҳозир ҳисоб-китоб олиняпти. Ҳокимнинг ўзи ҳам келяпти ҳозир махсус. Хотин-қизлар даласи ўша. Алижонга боряпмиз. Ўша фермердан терамиз. Ҳозир эртангини ҳам ташкиллаштиряпти. Йўқлама менда бўлади. Баҳона, ўйин қилманглар. Норма бештадан одам. Эртага 150 нафар одам далани ямламай ютиши керак. Мана бу фермер қочиши керак биздан. Керакмас, бошқа келмасин, деб йиғлаши керак. Бу нарсага эришиш учун одам кўпайтириш керак», — деган гаплари акс этган ҳоким ўринбосарининг Kun.uz’га келиб тушган видео ва аудиоматериалларида.
Шунингдек, Дилфуза Тошматова пахта даласида туриб, фаолларни виждонсиз деб атаган.
«Эртароқ келиб нормангни қилсанглар эртароқ кетамиз ҳаммамиз. Нима ҳали ҳам ҳеч ким йўқ?! Аёлмисан-йўқми, ноинсоф? Виждонсиз! Келсанг кел, мана бу ёққа тез-тез, ишлагинг келмаса, йўқол, кет», — деган у.
Қайд этилишича, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилган. Жумладан, Сариосиё тумани ҳокими ўринбосарининг маҳалла фаолларига пахта теримига 5-10 нафардан фуқароларни мажбурий жалб қилиш ҳақида топшириқ бергани тасдиғини топган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида (20 млн 600 минг сўм) жарима қўлланилган.
«Унутманг! Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Шунингдек, ушбу ҳаракат маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисмига асосан 50 баравардан 100 бараваригача жарима қўлланишига сабаб бўлиши мумкин», дейилади вазирлик муносабатида.
Шунингдек, вазирлик фуқаролар мажбурий меҳнатга доир мурожаатларини 1176 ёки (71)-200-06-00 ишонч рақамлари орқали қолдиришлари мумкинлигини эслатмоқда. Мурожаат йўллаган фуқароларнинг шахсий сир сақланиши кафолатланади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигига кўра, мазкур ҳолат вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан шахсан назоратга олинган.
«Шу ўринда таъкидлаймизки, пахта йиғим-терими мавсуми бошланишидан олдин ҳудудларда хатлов ўтказилиб, фақатгина кўнгилли теримчилар рўйхатлари шакллантирилган. Маҳаллалардаги фаол ва ташаббускор аёллар эса отряд раҳбари сифатида белгиланган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклини қатъиян қоралайди. Ҳеч бир масъул шахсга ходимларни мажбурий равишда пахта теримига жалб этиш бўйича топшириқ берилмаган. Агар ўрганиш натижасида бундай ҳолат тасдиқланса, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилиши таъминланади», — дейилади ҳокимлик муносабатида.