Reuters агентлиги хабарларига кўра, Ишиба 7 сентябр куни матбуот анжуманида истеъфога чиқишини эълон қилди. У АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан божлар бўйича музокаралар якунланганини ва бу вақт кетиш учун тўғри пайт деб ҳисоблаганини таъкидлади.
Ишиба партиянинг июл ойидаги юқори палата сайловларида мағлубиятга учрашини шахсий масъулият сифатида қабул қилди. Унинг фикрича, агар навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилса, Либерал-демократик партияда жиддий бўлинишлар юзага келиши мумкин эди.
Шу билан бирга, бош вазир янги номзод сайлангунга қадар ўз фаолиятини давом эттиришини қўшимча қилди. Жорий йилда ЛДП аввал қуйи, кейин эса юқори палатада кўпчилик овозини йўқотди. Бу ҳолат партиянинг 1955 йилдан бери давом этаётган ҳокимият устунлигига жиддий зарба берди.
Янги ЛДП раҳбари сайланиши ортидан бош вазир ҳам алмашиши мумкин. Reuters маълумотларига кўра, эҳтимолий номзодлар сифатида собиқ иқтисодий хавфсизлик вазири Санаэ Такаити ҳамда ҳозирги қишлоқ хўжалиги вазири Синдзиро Коидзуми кўрилмоқда. Бироқ коалиция парламентда кўпчиликни йўқотгани боис, улардан бири бош вазир бўлишига кафолат йўқ.
68 ёшли Ишиба 2024 йил октябрида коррупция можароси туфайли истеъфога чиққан Фумио Кишида ўрнини эгаллаганди. Бир йилга етмай у ҳам лавозимини тарк этишга қарор қилди.