Евроиттифоқ илк бор Қозоғистонга санкция жорий этиши мумкин

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишда Қозоғистонни айблаб, унга қарши иккинчилама чекловлар жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Yevro ittifoq

Bloomberg манбаларига кўра, Европа Иттифоқи илк марта Қозоғистонга қарши санкция киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу қарор, агар қабул қилинса, мамлакатнинг Россияга қарши қўлланилаётган санкцияларни четлаб ўтишда восита бўлаётгани билан изоҳланади. Хусусан, Евроиттифоқ статистикасига кўра, қатор техника ва жиҳозлар Қозоғистон орқали Россияга қайта экспорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, янги санкциялар пакети доирасида Хитой компаниялари, нефт ва банк секторлари, шунингдек Россия ҳарбий-саноат комплексига хизмат қилувчи кимёвий маҳсулотлар экспортига чекловлар жорий этилиши мумкин. ЕИ ва АҚШ бу чораларни ҳамоҳангликда амалга оширишга интилаяпти. Мазкур ҳафта ЕИ делегацияси Вашингтонга ташриф буюриб, ушбу масалалар юзасидан музокаралар ўтказади.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент жорий якшанба куни NBC орқали берган интервюсида: «Биз Россияга босимни кучайтиришга тайёрмиз, аммо Европадаги шерикларимиз ҳам шундай қилсагина бу самарали бўлади», — деди.

Санкцияларнинг эҳтимолий таркибий қисми сифатида «Роснефт» ва унга боғлиқ компанияларга нисбатан амалдаги имтиёзларни бекор қилиш, жумладан Ҳиндистонда жойлашган Nayara Energy компаниясига нисбатан чоралар кўриш ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу компания Россия нефт маҳсулотларини қайта ишлаб экспорт қилиш билан шуғулланади.

Шунингдек, россиялик танкерлар ва «соя флоти»га қарши санкциялар, қайта суғурта қилишни тақиқлаш ва учинчи мамлакатлардаги нефт савдоси иштирокчиларига нисбатан чекловлар ҳам кўриб чиқилмоқда. Қозоғистонга қарши чекловлар амалга ошса, бу Марказий Осиёда санкцияларнинг янги босқичи бошланганини англатади.