Юлий Юсупов: ҚҚС бекор қилиниши фермерга ҳам, халққа ҳам зарар

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, фермерларга ҚҚСни бекор қилиш қарори халқ учун нарх тушишига эмас, аксинча, хато оқибатларга олиб келади.

Yuliy yusupov

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб фермер ва дехқонлар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Бу мева, сабзавот, гўшт, сут, тухум каби маҳсулотларга тааллуқли бўлади. Бироқ бу имтиёз пахта ва дон маҳсулотларига татбиқ этилмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу чора 48 минг фермерга тааллуқли бўлиб, рентабелликни 5–7 фоиздан 15 фоизгача оширишини айтди. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов эса бу ўзгариш тўғридан тўғри таъсир қилмаслигини, айниқса кластер тизимидаги дон ва пахта бундан мустасно эканини қайд этди.

Бироқ иқтисодчи Юлий Юсупов ушбу ўзгаришдан нафақат фермерлар, балки истеъмолчилар ҳам зарар кўришини таъкидлади. Унинг фикрича, ҚҚС фақат муайян товарларга, бутун таъминот занжири бўйича қўлланилиши керак. Акс ҳолда, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳаси ҚҚСни қайтариб ололмайди ва нархлар ошади.

Юлий Юсуповнинг таъкидлашича, фермерлар ўз маҳсулотларини арзонроқ сотишга мажбур бўлади, чунки бозорда уларнинг товарлари ҚҚСни қайтариш имкони бўлмагани учун кам талаб қилинади. Шу билан бирга, фермерлар олдин тўланган ҚҚСни қайтариб олиш имконига эга бўлади, бироқ солиқ органлари бунга қаршилик қилиши мумкин.

Молия вазирлиги ва солиқ қўмитаси бу борада тадбиркорларнинг эътирозларини қабул қилмаган. Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев бугунги солиқ юки етарлича енгил эканини ва «хуфиёна» иқтисодиётга қарши кураш олиб борилаётганини таъкидлади. Унингча, муаммо солиқ юкида эмас, балки амалдаги ҚҚС қайтариш механизмларида.