Касбга ўргатиш бўйича Хитой тажрибаси жорий этилади: бу борада Ўзбекистонда махсус агентлик ташкил қилинади

16:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Президент Ш.Мирзиёев ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида техникумлар фаолиятини қайта шакллантириш бўйича муҳим топшириқлар берди.

Prezident selector1

Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашнинг асосий йўли сифатида касбий таълим тизими ислоҳ қилинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ва туман ҳокимларига 2026 йилгача 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини техникумларга қамраб олишни топширди. 2024 йилда бу кўрсаткич 182 минг киши бўлган бўлса, энди 200 минг ўқувчигача оширилиши керак.

Касбга ўргатиш жараёнига Хитой тажрибаси жорий этилади. Ҳар бир вилоятда 2 тадан «Ўзбекистон – Хитой устахонаси» ташкил қилиниб, техник лойиҳалар учун мутахассислар тайёрланади. Шу мақсадда мамлакатга 100 дан ортиқ хитойлик тил ўқитувчилари ва волонтёрлар таклиф қилинади. Президент таъкидлашича, «маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмаслиги» учун ёшларга даромад манбаси яратиш керак.

«Бизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ва имконият. Лекин бу йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларни атиги 182 минг нафари техникумларга боряпти. Бугундан бошлаб бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади», – деди президент.

Мавжуд 598 та техникум халқаро стандартлар асосида қайта йўлга қўйилади. Инвесторлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, техникумларда кадр тайёрлаш дастурлари 30 фоизгача ўзгартирилади. Дуал таълим тизимини жорий этган корхоналарга эса имтиёзли кредитлар ажратилади.

Олий таълим муассасаларидаги қабул квоталари ҳам инвестиция лойиҳаларидаги кадрларга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Бу тизим техникумларда ҳам татбиқ этилади.Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи давомида энергетика, геология, кимё, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ўнлаб йирик компания раҳбарлари билан 35 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар пакети шакллантирилди. Бу лойиҳалар учун минглаб мутахассислар кераклигини таъкидлади.

Буларни ягона сиёсат асосида мувофиқлаштириш мақсадида Касбий таълим агентлиги ташкил этилади. Йил охиригача янги агентлик вазирликлар билан ҳамкорликда турли соҳаларда талаб юқори бўлган касблар ва стандартлар рўйхатини шакллантириши шарт қилинди.