Миллиардлаб Android смартфонларда хавфли нуқсонлар аниқланди

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

CERT-In мутахассислари миллиардлаб Android смартфонларда хавфли дастурий нуқсонлар аниқлаганини маълум қилди. Google бу борада шошилинч тузатишлар чиқарди.

Google android

Ҳиндистоннинг компьютер хавфсизлиги бўйича миллий агентлиги CERT-In миллиардлаб Android смартфонларда хакерлар томонидан фойдаланилиши мумкин бўлган ўта хавфли дастурий нуқсонларни аниқлади. Бу ҳақда Gadgets 360 нашри хабар берди.

Экспертлар фикрига кўра, нуқсонлар Android экотизимининг ўнлаб таркибий қисмларида — Framework, Android Runtime, System, Widevine DRM, Project Mainline, Kernel, Arm Components, Imagination Technologies, MediaTek ва Qualcomm чиплари тизимида мавжуд. Ушбу нуқсонлар Android’нинг 13, 14, 15 ва 16 версияларида кузатилган.

Мутахассислар огоҳлантиришича, ушбу тизимий камчиликлар орқали хакерлар смартфонда юқори даражадаги ҳуқуқларга эга бўлиб, шахсий маълумотларни ноқонуний тарзда олиши мумкин. Ушбу хавфга деярли барча янги смартфонлар дуч келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

CERT-In барча маълумотларни Google компаниясига тақдим этган. Корпорация бу каби таҳдидларга жавобан махсус патч (patch) тузатишларини чиқарган ва улар орқали кўплаб қурилмаларда мавжуд муаммолар бартараф этилган.

Журналистлар ва мутахассислар смартфон эгаларига ўз қурилмаларини тезликда янгилаб, хавфсизлик бўйича охирги патчларни ўрнатишни тавсия қилмоқда. Янгиланишсиз қолган қурилмалар шахсий маълумотлар ўғирланиши каби жиддий хавфларга дуч келиши мумкин.

Аввалроқ Google компанияси Android фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш мақсадида 2026 йилдан номаълум ишлаб чиқувчиларнинг иловаларини блоклашни бошлаша ҳақида хабар берган эдик.